Болага нисбатан зўравонлик белгилари бўйича 15 нафар педагогга нисбатан интизомий чора қўлланилган

Сақлаш
14:33 / 24.02.2026 10 0

2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1 минг 934 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова маълум қилди.

 

 

Вакилга бевосита болалар томонидан 42 та мурожаат йўлланган бўлиб, бу жами мурожаатларнинг 2,17 фоизини ташкил этган. 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 та фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаати кўриб чиқилган. Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан жами 36 та таъсир ҳужжати — 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган. Мурожаатларни ўрганиш асосида болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик белгилари аниқланган ҳолатлар бўйича 15 нафар педагогга нисбатан интизомий чора қўлланилган.  

 

Шунингдек, ўтган даврда боланинг моддий таъминоти юзасидан жами 403 миллион 745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган. 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат божи ва бошқа тўловларсиз ID-карталар расмийлаштирилишига амалий ёрдам кўрсатилган.

 

20 нафар имконияти чекланган болалар эса тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга реабилитация, психологик-педагогик коррекция хизматлари ташкил этишда кўмаклашилган. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 45 нафар бола эса Ўзбекистон Республикасига қайтарилган.

 

Ўтган даврда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида ҳам 20дан ортиқ тадбирлар ташкил этилган. Хусусан, Ўзбекистон ташаббусига кўра, 2025 йил 11-12 сентябрь кунлари биринчи халқаро форум ўтказилган. Ушбу тадбир якуни бўйича минтақавий хамкорликнинг мустаҳкам асоси сифатида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Болалар омбудсманлари томонидан “Марказий Осиё давлатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги биринчи халқаро форумнинг Декларацияси имзоланган.

 

Сурайё Раҳмоновага кўра, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 34,4 фоизи уларнинг ўз ота-оналари ёки бошқа яқинлари томонидан амалга оширилгани оилавий муҳитни яхшилаш, оилавий низоларни бартараф этиш чораларини кучайтиришни тақозо этади. Кўп ҳолларда оилавий низоларда асосан болалар жабр кўраётгани ачинарли.  

 

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болаларнинг соғлиғини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, тизимли ишлар, эмлаш чоралари ҳақида ҳам маълумотлар берди. Шу билан бирга, айрим болалар сиҳатгоҳлари, болаларни даволаш бўлимларининг моддий-техник ҳолати қониқарсиз эканлиги, зарур шарт-шароитлар етарли эмаслиги аниқланганини маълум қилди. Бундан ташқари, 7,5 мингдан ортиқ бола инклюзив таълимга жалб этилган. Етим ва ота-онасиз болаларни ҳимоя қилиш борасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, 662 нафар болаларга уй-жой харид қилиш учун маблағлар йўналтирилган.  

 

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар натижасида 5 минг 877 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//