Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича пилот лойиҳа ишлаб чиқилади

Сақлаш
09:40 / 24.02.2026 10 0

Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармонига кўра, Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Уни амалга оширишда Франция, Хитой ва Саудия Арабистони тажрибаси асос қилиб олинади.

 

Лойиҳа ишга туширилгач, ёғингарчилик миқдори табиий фонга нисбатан 10−20 фоизгача ошиши мумкин. Лойиҳа 1 мартдан бошлаб ишлаб чиқилади. Бунга Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул этиб белгиланди.

 

Сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида уч йил давомида 10 минг км очиқ дренажларни ёпиқ тизимга ўтказиш кўзда тутилган. 1 мартдан бошланадиган биринчи босқичда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги 3000 км дренаж ва коллектор тармоқлари ёпиқ тизимга ўтказилади.

 

Фармонда шунингдек, тажриба тариқасида ирригация каналларининг бир қисмини босимли қувурларга ўтказиш режалаштирилган. 2026 йил якунига қадар Қашқадарё вилоятидаги камида 54,1 км тармоқ шиша толали (стеклопластик) қувурлардан фойдаланган ҳолда тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилади.

 

504 минг гектар ер майдонида сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу 5 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, 1300 километр каналлар, суғориш тармоқлари ва бошқа ирригация объектлари ўзанларини бетонлаш ҳисобига йилига қўшимча 500 миллион куб метр сув тежалади. Хусусан, 75,4 минг гектарда томчилатиб суғориш, 97 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш ва 26,2 минг гектарда дискрет (пулсар) суғориш усуллари жорий этилади. Сувнинг майдон бўйлаб текис тақсимланишини таъминлаш учун 203 минг гектар ерда лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//