Римда Ўзбекистон–Италия олийгоҳлари ректорлари Иккинчи форуми бўлиб ўтди

Сақлаш
17:29 / 20.02.2026 8 0

18–19-февраль кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида Ўзбекистон ва Италия олийгоҳлари ректорларининг Иккинчи форуми бўлиб ўтди. Икки кунлик анжуман олий таълим тизимидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш баробарида уни аниқ механизмлар асосида кенгайтириш бўйича 20 дан ортиқ шартномаларга эришиш имконини берди.

 

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Италия университетлар ва тадқиқотлар вазири Анна Мария Бернини иштирок этди. Томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

 

 

 

Қайд этилишича, форум доирасидаги сессия ва учрашувлар асносида томонлар университетлараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма магистратура ва докторантура дастурларини йўлга қўйиш, академик алмашинувларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Эрасмус+ дастури доирасида шу кунгача 30 га яқин қўшма лойиҳа амалга оширилгани, 300 дан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Италия университетларида таҳсил олаётгани ва бу каби ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, 2025-йил январь ойида эълон қилинган қўшма илмий танлов якунлари эълон қилинди. 199 та таклиф ичидан энг юқори балл тўплаган 10 та лойиҳа Ўзбекистон–Италия Қўшма бошқарув қўмитаси томонидан молиялаштириш учун танлаб олинди.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Италиянинг турли олийгоҳларида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашув ўтказди.

 

Икки кунлик форум Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//