Ўзбекистон қишки Олимпия ўйинларини медалсиз тугатди

Сақлаш
18:11 / 19.02.2026 14 0

Шорт-трек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Даниил Ейбог Италияда бўлиб ўтаётган қишки Олимпия ўйинларида иштирокини якунлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

 

19 февралга ўтар кечаси 28 ёшли конькичи 500 метр масофага кечган баҳсда иштирок этди. Учинчи пойгада унинг рақиблари Уилям Данжину ва Максим Лаун (Канада), Петро Сигел (Италия), Лин Сяотсзюн (Хитой) бўлди.

 

Ейбог стартдан сўнг учинчи ўринда кетаётган эди, аммо канадалик спортчилардан бири билан тўқнашувдан кейин аввалги суръатни сақлаб қола олмади. У 1:07.497 натижа билан бешинчи бўлиб маррага етиб келди. Кейинги босқичга Канададан икки нафар ва Италиядан бир нафар спортчи чиқди.

 

Шорт-трек бўйича 500 метрлик масофада Олимпия олтин медалини канадалик Стивен Дюбуа қўлга киритди.

 

«Даниил Ейбог асосий финалга йўл ололмаган бўлса ҳам, кучлилар қаторида эканини кўрсата олди», – дейилади Ўзбекистон МОҚ баёнотида.

 

Аввалроқ спортчи пойгалардан бирида «фаолиятидаги энг даҳшатли йиқилишлардан бири»ни бошдан кечирган, аммо енгил жароҳатларга қарамай, мусобақани давом эттирган эди.

 

1500 метрлик масофада у 14-ўринни эгаллаган. Ўзбекистоннинг яна бир вакили, тоғ чанғичиси Медет Назаров гигант слаломда 50-ўринни олган, слалом баҳсларида эса иккинчи пойгани якунлай олмаган.

 

Даниил Ейбог илгари Россия шарафини ҳимоя қилган, аммо 2024 йилда спорт фуқаролигини ўзгартириб, халқаро стартларда икки йиллик карантин билан Ўзбекистон терма жамоасига ўтган. Европа чемпионатларининг икки карра совриндори ҳисобланади.

 

Шу тариқа, Ўзбекистон қишки Олимпия ўйинларини медалсиз якунлади. Мамлакатнинг ягона Олимпия медали 1994 йилга тўғри келади — ўшанда Лина Черязова чанғи акробатикасида олтин медаль қўлга киритган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//