Президент 2026 йилги Давлат дастурини тасдиқлади

Сақлаш
17:44 / 16.02.2026 20 0

Президентга энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилди.

 

Маълумот учун, мазкур лойиҳалар илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилган бўлиб, уларда давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган жорий йилдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланган.

 

 

Тақдимотда ислоҳотлар дастурлари ва Давлат дастурининг бир-биридан фарқли жиҳатларига алоҳида тўхталинди.  

 

Масалан, ислоҳотлар дастурлари Президентнинг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган. 

 

Бу дастурларда «ҳужжат ишлаб чиқиш»дан «натижага эришиш» тамойилига ўтилмоқда. Ҳар бир ташаббусни амалга ошириш механизмлари ва йил якунига мўлжалланган ижро натижалари бўйича KPI белгиланган.

 

 

Дастурлар тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти кўрсатиб ўтилмоқда.

 

 «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида эса стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. 2026 йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

 

Таъкидланишича, лойиҳаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Давлат дастури кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, 23 январь – 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

 

Олийгоҳлар ва давлат идораларида 50 дан ортиқ муҳокама тадбирлари ўтказилиб, 10 мингга яқин талаба, профессор-ўқитувчилар ва давлат хизматчилари иштирок этди. Хориждаги ватандошлар билан ҳам алоҳида мулоқотлар ташкил этилиб, қатор қўшимча ташаббуслар айтилди.

 

Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, Давлат дастури лойиҳасига киритилди. 

 

Жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобил хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупсияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар қўллаб қувватланди. 

 

Шунингдек, маҳалла маблағлари сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велойўлакларни ташкил этиш, бизнес-инкубаторлар яратиш, саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказлари очиш, дарахт кесиш учун жавобгарликни қатъийлаштириш, энергия самарадорлиги бўйича КПИ жорий этиш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш каби таклифлар қизиқарли деб топилди.

 

Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Туркия, Франсия, Канада, Корея, Япония, Швесия, Португалия ва Қозоғистонда ватандошлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, 60 га яқин қўшимча таклифлар олинди.

 

Хабарга кўра, хориждаги ватандошлар нодавлат мактаблар фаолиятини ривожлантириш учун аниқ, барқарор ва шаффоф лисензиялаш ҳамда назорат механизмларини жорий этиш, амалиёт жараёнида ўқувчиларни йўналтирувчи корхона мутахассислари учун рағбатлантириш ва масъулият тизимини татбиқ қилиш, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича хавф гуруҳларини аниқ белгилайдиган ягона рақамли скрининг тизимини жорий этиш, имтиёзли кредитларни ажратишда «натижага боғланган имтиёз» (performance-based subsidy) моделини, экспорт қилувчи корхоналар учун эса «Export-as-a-service» моделини жорий қилиш, яъни логистика, божхона, сертификатлаш, маркетинг ва тўлов масалаларини ягона оператор орқали комплекс хизмат сифатида тақдим этиш, адвокатлар учун электрон навбат олиш жараёни бўйича қўлланма ва видеойўриқномалар тайёрлаш каби таклифларни билдирган.

 

Маълумот учун, дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган. 

 

Давлат дастури ижроси бўйича Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси доимий мониторинг олиб боради, Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ижрони муҳокама қилади, ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот ҳамда ҳар ой Президентга ахборот киритиб борилади. 

 

Ҳар бир ислоҳотлар дастури учун бириктирилган масъуллар ҳар чоракда ижро ҳолати юзасидан Президентга ахборот бериб боради. Бош вазир ислоҳотлар дастурларидаги ташаббусларнинг амалга оширилиши ва молиялаштирилишини мувофиқлаштириб, ижрони қатъий назоратга олиш учун масъул бўлади. 

 

Шавкат Мирзиёев тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди, тегишли фармонни имзолаб, ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//