Вазирлик дарс соатлари қисқартирилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Сақлаш
19:58 / 18.01.2022 4299 1

Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда «География» фани дарс соатларининг қисқартирилиши сабаб билдирилаётган эътирозларга муносабат билдирди.

 

Қайд этилишича, Миллий ўқув дастурига кўра, 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб, 1-6-синфларда ягона «Табиий фанлар» (Science) фани жорий қилиниши белгиланган.

 

Янги фан география, биология, физика, кимё ҳамда астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

 

Эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникмалар ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда «Табиий фанлар» фани орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланди.

 

Ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан, 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик «Табиий фанлар» киритилди.

 

Ўз навбатида, қолган ҳафталик 3 соат «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилди.

 

Мактабда география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ.

 

Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар «Табиий фанлар»га сингдирилган, умуман дастурда эса, география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган.

 

Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар асоссиз.

 

"Миллий ўқув дастурида айнан География фани ҳафталик 8 соат дарс ўтилиши белгиланган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, география фани ўқитувчиларида «Табиий фанлар» йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган тақдирда, 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади (натижада, амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат беришлари мумкин).

 

Шунингдек, Вазирлик дастурни халқаро талаблар асосида замонавийлаштириш бўйича ўз олдига қўйилган вазифаларни инобатга олган ҳолда, ўқувчиларда иқтисодий билимларни янада ошириш мақсадида қўшимча соат ажратиш бўйича имкониятларни ўрганмоқда. Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади", дейилади хабарда.

1 Изоҳ

Izzatjon Abbosov

12:01 / 01.01.1970

Assalom aleykum man OʻzMU da magistman unda bu fandi boshlangʻichlarga emas geografiya oʻqtuvchilariga berilar axir 8 soat tirikchilik uchun yetmaydi shu fandi tanlagan oʻgʻil bollar ham bor ten boʻlib oʻgʻil bollarga yetmaydi biz nima qilamiz 4 yil yo 6 yil oʻqib boshqa davlatga ketamizmi yo shu yerda 8 soatga qarab yuramizmi bu ummuman bunda kuchli geogriflardan ham ajrab qolamiz oqilar migratsiyasi koʻpayib ketmaydimi geogriflar ichida ayniqsa oʻgʻil bollar axir biz oilamizi boqishimiz kerak

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//