“SheSCIENCE 2026” Марказий Осиё олималари анжумани ташкил этилди

Сақлаш
15:07 / 11.02.2026 11 0

Пойтахтимизда 11 февраль – Халқаро илм-фандаги аёллар куни муносабати билан Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Осиё тараққиёт банки ҳамда ТWАС – Жаҳон фанлар академияси ҳамкорлигида “SheSCIENCE 2026” Марказий Осиё олималари илмий анжумани ташкил этилди.


Тадбирда давлат бошқаруви органлари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва олий таълим тизими вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин олима аёллар иштирок этди.

 


Анжуманни Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов  очиб берди. 

 


Шунингдек, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги директори Kanokpan Lao-Araya, ТWАС вице-президенти Sabah Almomin Марказий Осиёда аёл олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш борасида тўхталиб ўтди.

 


Тадбир минтақада илм-фан соҳасида фаолият юритаётган аёл олималарни бирлаштириш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Анжуман доирасида аёлларнинг илм-фан ва инновация соҳасидаги, минтақавий ва глобал ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, экология, тиббиёт, муҳандислик, рақамли технологиялар, биотехнология каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.


Анжуман доирасида “Мўътабар аёл – 2025” кўкрак нишони билан тақдирлаш ҳамда “Олима аёл – 2025” миллий грант танлови ғолибаларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 

 


Илмий дастур доирасида биология ва тиббиёт, экология ва иқлим, математика, муҳандислик ва физика каби йўналишларда учта илмий сессия ўтказилиб, биотехнология, барқарор ривожланиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва муҳандислик соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 


Форум иштирокчилари “SheSCIENCE 2026” тадбири Марказий Осиёда аёл олимларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, ёшларни илм-фанга жалб этиш ва халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим платформа эканини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//