“Империалистик ғояларни илгари сураётганларнинг попугини пасайтириб қўйиш керак” — Абдусаид Кўчимов

Сақлаш
10:40 / 06.02.2026 12 0

Олий Мажлис Сенатининг 5-февраль кунги ялпи мажлисида сенатор Абдусаид Кўчимов нутқ сўзлаб, бугунги мураккаб халқаро шароитда Ўзбекистон ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши лозимлигини таъкидлади.

 

Абдусаид Кўчимов нутқида давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасига тўхталиб, унда мамлакат тақдири ва тараққиётини белгилаб берувчи олтита устувор йўналиш белгиланганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу устувор йўналишлар янги Ўзбекистоннинг пойдеворини ташкил этади ва бугунги кун билан келажакдаги учинчи ренессанс ғоялари ўртасида мустаҳкам боғлиқликни таъминлайди.

 

Сенатор мурожаатномада кўтарилган масалалар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам акс-садо бераётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг бир неча хорижий тилларга таржима қилиниб эълон қилинаётгани унда илгари сурилган ғоялар бутун дунё учун долзарб эканини кўрсатади.

 

У дунёдаги ҳозирги вазиятни изоҳлар экан, халқаро муносабатларда кескинлик кучайиб бораётганини, зўравон сиёсат ва беқарор қарорлар фонида ҳеч ким бир лаҳза бўлса-да хотиржам бўла олмаслигини айтди. У нутқида шоир Абдулла Ориповнинг “Дейдилар ит ҳурар — ўтади карвон” деб бошланувчи шеърини ўқиб, миллат ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда муросасизлик тамойилини таъкидлади.

Сенатор империалистик ғояларни илгари сураётганларнинг попугини пасайтириб қўйиш кераклигини айтиб, ҳар қандай ташқи кучнинг васийлик даъволарини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.  

 

Нутқ давомида Кўчимов айрим ташқи кучларнинг ўзини устун қўйишга уринишларини кескин танқид қилди. У “Акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, ақлини киритиб қўйишимиз шарт”, дея таъкидлади. Сенаторнинг фикрича, ҳар қандай таҳдидга нисбатан лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди.

 

Абдусаид Кўчимов ўз сўзида Ўзбекистон ўзини меҳнати, ақли ва амалий ишлари билан танитишга ҳаракат қилаётганини қайд этди. Унинг айтишича, фақат бирлик ва қатъият билангина ташқи босимларга муносиб жавоб бериш ва кўзланган улкан мақсадларга эришиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//