Маданият
“Она тили фани ўқитувчиларини энг кўп қийнайдиган, танаффусларда ҳамкасблар билан доимий баҳс-мунозарага сабаб бўладиган саволлардан бири шу: нега ўқувчилар назарий қоидаларни ёддан билса-да, матн ёки эссе ёзишда имло хатоларини кўп қилаверади? Бунинг сабаби доим ҳам ўқувчининг лаёқати ёки қунтига боғлиқ эмас, балки назарияни амалиётга кўчиришни таъминлайдиган узлуксиз машқлар етишмаслигида. Мактаб таълимида фанни комплекс ўқитишга урғу берилгани ва дарс соатлари чеклангани сабабли саводхонлик кўникмасини автоматизм даражасига олиб чиқувчи интенсив машқларга ҳар доим ҳам етарли вақт ажратишнинг имкони йўқ. Натижада ўқувчи қоидани билса-да, узлуксиз амалиёт етишмаслиги сабабли ёзувда қўллашда оқсайди.” Мазкур парча Ориф Толибнинг “Ўқувчилар қоидани билади, лекин нега хато ёзади” мақоласидан олинган. Ўзбек тили имлосидаги асосий чалкашликлар ва унинг ечимига қаратилган “Ибратли имло” ҳақидаги мулоҳазаларнинг тўлиқ матни билан “Тил ва адабиёт таълими” журналининг 2026 йил 1-сонида танишинг.
“Менинг шоирим эса ҳаётнинг турли зарбаларига дуч келди. Уларни мардона қабул қилди-ю, ўзгани эмас, фақат ўзини маломат айлади. Фош этишга, тош отишга, ўзидан фаришта ясаб жар солишга иштиёқманд бўлмади. Унинг шеърларида “гуноҳ”, “адашиш”, “хато” сўзларининг кўп учраши шундан бўлса керак. “Ҳаётим давомида ишонувчанлигим ортидан кўп хатолар қилдим”, деган мардона эътирофлари бор инсон: “Аммо ҳасад қилмай яшаш, ҳақиқатни севиш олдида бу хатолар ҳеч нарса эмас”, дейишга ҳақлидир.” “Шоир ким?” рукнида “Гулнинг хаёлидан бўлгандим пайдо” сарлавҳаси остида Нодира Офоқнинг Ҳалима Аҳмедова ҳаёти ва ижодига “ҳассос сафар”ини ўқийсиз.
“Аксарият мамлакатларда таълим жараёнида амалий кўникмаларни шакллантириш, тилни реал ҳаётда қўллашга йўналтириш, шунингдек, талабаларда мантиқий ва тизимли фикрлашни ривожлантиришга қаратилган ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтайи назардан “Ҳозирги ўзбек адабий тили” фанини, хусусан, унинг морфология бўлимини ўқитишни замонавий талаблар асосида лойиҳалаш ва ташкил қилиш долзарб аҳамият касб этади. Бу эса талабаларда морфологик компетенцияларни ривожлантиришда жаҳон тажрибасини ўрганиш ва уни мавжуд методика билан интеграциялаш заруратини юзага келтиради.” Сапарбой Атиязовнинг методик тавсиялари ўрин олган “Талабаларнинг морфологик компетенцияларини ривожлантириш” мақоласини мазкур сонда ўқийсиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “2070 йилга йўл олган билимлар” (Наргиза Юнусова), “Исонафаслик ринди Шероз” (Рустам Жабборов), “Анвар Обиджон чин ва зил устаси” (Гулгун Усмонова) мақолалари ҳамда “Келажак учун хотрижий тил” бошланди” янгиликларини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, рус тили бўлимида “Художественное чтение открывает глаза человека на мир” (Мирджалол Турсунов), “Литературная интеллектуальнаф игра “что? где? Когда?” (Замира Нурмановна), “Метафора есть орудие мысли: о древней метафоре современным взглядом” (Кодиржон Носиров), “Философия и поэтика Баха Ахмедова в контексти современной руччкоязычной литературы Узбекистана” (Аселб Исмаилова) мақолалари ўрин олган.
“Биз қатағонда бой берилган миллий салоҳият кўламини тўла ҳис этмаймиз. Мабодо 1937 йили Ойбек қурбон бўлганида бугун унга умуммиллий эътирофнинг ғарбона рамзи сифатида ҳайкал қўйилмас эди. Чунки адабиётга асосий хизматини кейин қилди: “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Болалик”, аср ошган хасталик шеърлари. Аввалги ижодини камситмаймиз, албатта. Айниқса, ёшликдаги сиёсийлашмаган соф лирикаси таҳсинга лойиқ. Ойбекни айбламоқчи эмасман. Залолат ботқоғидан ҳарна тоза чиқишга, миллат болаларини маърифациз қолдирмасликка, курашни тўхтатмасликка тиришди. Ҳозир ўйланиб қолганим, қанча ойбекларимиз жувонмарг кетган: рўёбга чиқмаган талантлар, ишга солинмаган салоҳиятлар. Фақат адабиётда эмас, барча соҳада: илм-фан, ҳарбий жабҳа, сиёсат, иқтисод... Тўқсоннинг алдамчи илиқ-милиқ ҳавосига ишониб гуллаган боғ мисоли бор ҳосилидан айрилиб қолган миллатимиз.” “Муҳаррир минбари”дан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тил ва адабиёт таълими”ни мутолаа қилинг, миллатнинг оғриқларини ҳис қиладиган фарзандлари қаторида бўлинг.
Илм-фан
Маданият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жаҳон
77869
Жамият
56792
Жамият
56017
Жамият
51072
Жамият
//
Изоҳ йўқ