Жамият
Олий Мажлис Сенати 5 февралдаги ялпи мажлисида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади.
Парламент юқори палатаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар хорижий буюртмачиларга дастурий маҳсулотлар ва рақамли контент сотишда халқаро электрон платформалардан кенг фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Upwork, Fiverr, Envato ва Storyblocks каби қатор платформаларда тўловларни қабул қилиш фақат PayPal тизими орқали амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари PayPal тизимида тўлиқ ҳажмда ишламайди. Бу шахсга доир маълумотларни фақат мамлакат ҳудудида сақлаш талаби билан боғлиқ бўлиб, хусусан, амалдаги «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунда кўзда тутилган.
Натижада халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши қисман чекланиб қолмоқда.
Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги 2025 йилги инвестиция муҳити бўйича ҳисоботида ҳам айтиб ўтилган эди. Унда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун нормалари халқаро онлайн тўлов компаниялари фаолиятини сезиларли даражада чекловчи омил сифатида кўрсатилган.
Бугунги кунда дунёдаги энг кенг тарқалган онлайн ва контактсиз тўлов тизимларидан бири Google Пай ҳисобланади. Google компаниясининг ушбу тизими 97 та давлатда фаолият юритади ва 150 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга.
Эътиборли жиҳати шундаки, Google Pay Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатларида – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда аллақачон жорий этилган бўлиб, бу минтақада рақамли тўлов инфратузилмасининг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.
Бироқ Ўзбекистон фуқаролари ушбу тизимдан фойдаланишлари учун шахсга доир маълумотларини, жумладан, фамилияси, исми, банк картаси реквизитлари, яшаш манзили ва бошқа маълумотларни тизим ишлаб чиқувчиси бўлган хорижий компанияга тақдим этишлари талаб этилади. Бу маълумотлар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган серверларда сақланади, бу эса амалдаги қонунчилик талабларига зиддир.
Сенат маълумотларига кўра, киритилаётган ўзгартиришлар айнан шу каби тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, эндиликда фақат шахсга доир маълумотларнинг айрим тоифаларини – хусусан, биометрик, генетик маълумотларни ҳамда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида мажбурий сақлаш талаб этилади.
Бошқа турдаги шахсга доир маълумотларни хорижда узатиш, қайта ишлаш ва сақлаш учун уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ талаблар жорий этилмоқда:
– хорижий давлатларда маълумотлар хавфсизлигининг тегишли даражасини таъминлаш;
– ваколатли давлат органининг талабларига риоя қилиш;
– ахборот хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларни жорий этиш.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар ҳимоясининг тегишли даражаси таъминланадиган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши электрон тижорат соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, аҳоли, бизнес ва чет эллик туристлар учун халқаро интернет-платформалардан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
Сиёсат
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Маданият
Жаҳон
77584
Жамият
56637
Жамият
55839
Жамият
50902
Жамият
//
Изоҳ йўқ