Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида фойдали қазилмалар ва нодир минераллар бўйича меморандум имзоланди

Сақлаш
15:11 / 05.02.2026 6 0

АҚШ 10 давлат, жумладан, Ўзбекистон билан муҳим минераллар бўйича икки томонлама келишув (ёки ўзаро англашув меморандуми)ни имзолади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.

 

Меморандумни имзолаган бошқа давлатлар қаторида Аргентина, Кук ороллари, Эквадор, Гвинея, Марокаш, Парагвай, Перу, Филиппин ва БАА бор.

 

«АҚШ сўнгги беш ой ичида яна 10 та шундай ҳужжатни имзолаган эди ва ҳозирда яна 17 та давлат билан бу борадаги музокараларни якунлади. Қўшма Штатлар нодир минераллар дипломатиясида мисли кўрилмаган етакчиликни намойиш этмоқда. Ушбу келишувлар давлатларнинг нарх шаклланишидаги муаммолар бўйича ҳамкорлик қилиши, ривожланишни рағбатлантириши, адолатли бозорлар яратиши, устувор таъминот занжирларидаги бўшлиқларни тўлдириши ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтириши учун асос бўлиб хизмат қилади», – дейилади департамент баёнотида.

 

Учрашувда қатнашган ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов «Ўзбекистон ушбу соҳада салмоқли салоҳиятга эга» эканини таъкидлади.

 

«АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау жаноблари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандумини имзоладик. Биз ўта муҳим минералларни нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли ҳамкорлик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун муҳим йўналиш сифатида кўрамиз», – деди вазир.

 

АҚШ Давлат департаменти Ландау ва Саидов ўртасидаги учрашув ҳақида шундай ёзди:

 

«Улар муҳим минераллар икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва энергия хавфсизлигини оширишда муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Қўшма Штатлар ноқонуний миграцияга қарши курашда Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, тижорат алоқаларини кенгайтириш ва Қўшма Штатларни Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) билан C5+1 дипломатик платформаси орқали ўзаро алоқаларни кучайтиришни интиқлик билан кутмоқда».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//