Маданият
Қадимги Бақтрия цивилизациясига оид ноёб археологик артефактлар Буюк Британиядан Ўзбекистонга олиб келинди. Улар Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилмоқда. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Экспозициядан Бақтрия жамиятида ижтимоий мақом ва бойлик рамзи ҳисобланган олтин билагузуклар, руҳий муҳофаза ва маросимий аҳамиятга эга бўлган маржон ва бўйин тақинчоқлари, шунингдек, милоддан аввалги IV асрга оид олтин пичоқ қини каби ноёб экспонатлар ўрин олган.
Қайд этилишича, олтин пичоқ қини Аҳамонийлар давлати даври ва Искандар Македонский юришлари билан боғлиқ тарихий жараёнларни акс эттиради. Қин юзасидаги ҳайвонлар ва афсонавий образлар сак, суғд ва бақтрия санъати анъаналарининг ўзаро уйғунлигини намоён этади.
Марказ маълумотига кўра, ушбу артефактлар Марказий Осиё ҳудудида исломдан олдин ҳам юксак маданий ва маънавий муҳит мавжуд бўлганини кўрсатади.
Маълумот учун, қадимги Бақтрия цивилизацияси археологияда Бақтрия-Марғиёна археологик комплекси ёки Окс цивилизацияси сифатида ҳам маълум бўлиб, милоддан аввалги III-II минг йилликларда Марказий Осиё ҳудудида шаклланган. Тадқиқотларга кўра, ушбу маданий макон ҳозирги Афғонистоннинг шимоли, Тожикистоннинг жанубий ҳудудлари ҳамда Ўзбекистоннинг жанубини қамраб олган.
Амударё ва унинг Панж ҳамда Вахш каби йирик ирмоқлари атрофида суғорма деҳқончилик ривожланган, илк қишлоқ ва шаҳарлар вужудга келган. Бу ҳудудда шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, заргарлик ва халқаро савдо алоқалари шаклланган.
Сиёсат
Маданият
Жаҳон
Сиёсат
Жамият
Маданият
77583
Жамият
56637
Жамият
55839
Жамият
50902
Жамият
//
Изоҳ йўқ