«Миллий қадриятлар атласи» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Сақлаш
20:40 / 04.02.2026 12 0

4 февраль куни Тасвирий санъат Галереясида «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекона қадриятларга хос мусиқалар оҳанги остида бошланган тадбирга Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановнинг табрик нутқи старт берди.

 

 

«Биз зиёлилар ўзимизга савол бердик: биз кейинги авлодга нима қолдиряпмиз? Қадриятларимиз, урф-одатларимизни уларга қандай етказамиз? Шу саволга жавоб қидириб, йигирмага яқин олимлар билан 1,5 йил давомида бирга меҳнат қилдик», — дейди Ҳасанов.

 

Ҳасанов қайд этишича, лойиҳада биронта мавжуд расмдан фойдаланилмаган, аксинча, сунъий идрок ва бошқа интернет қидирув тизимларини бойитишга ҳисса қўшиб, мингдан ортиқ фото-суратлар олинган.

 

Бу айниқса, СИ’нинг бизнинг миллийлигимизга оид шахс ёки ҳудудларни аниқроқ ифодалаши учун муҳим аҳамият касб этади.

 

 

«Миллий қадриятлар атласи» лойиҳаси миллий маънавиятни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаш, маданий меросни сақлаш ва халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган муҳим ташаббус саналади.

 

Тадбирда китоб муаллифларидан бўлган Раҳмон Қўчқоров, Олимжон Давлатов, шунингдек, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори Акилова Камола ҳам атлас ҳақида маъруза қилди.

 

 

«Марказий банк Республиканинг моддий бойликларини сақлайди. Лекин маънавий бойликларимизни ким, қайси ташкилот сақлайди, деган саволга яқин-яқингача жавоб йўқ эди. Лекин охирги вақтларда мана шу ташаббус билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртага чиқмоқда», дейди Олимжон Давлатов.

 

 

Миллий қўшиқ, халқ оғзаки ижоди асосидаги бахши ижроси ва Фольклор жамоасининг чиқишлари ҳам тақдимотдан жой олди.

 

 

Атлас ҳақида

 

Республика Маънавият ва маърифат марказининг комплекс илмий-амалий изланишлари орқали тайёрлаб, нашр этилган ушбу китоб-атласи қуйидаги 8 устувор йўналишни ўз ичига олади:

 

— Янги Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари;

— миллий-ахлоқий қадриятлар;

— урф-одатлар;

— маросимлар;

— байрамлар;

— миллий ўйинлар;

— миллий-табиий қадриятлар;

— миллий-бадиий қадриятлар.

 

Китоб тайёрланиш жараёнида Республиканинг барча ҳудудлари қамраб олиниб, уларнинг ҳар бирига хос бўлган миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналар, маънавий мерос, маданий бойликлар, тарихий ёдгорликлар ҳамда миллий маданиятга оид материаллар йиғилиб, тизимли равишда таҳлил қилинган ва илмий-публицистик услубда қайта ишланган. У ўзбек, инглиз, рус тилларида нашр этилади ва миллий қадриятларимизни халқаро миқёсда тизимли тарғиб қилиш, маданий меросимизни жаҳон цивилизацияси контекстида муносиб намоён этиш ҳамда Ўзбекистоннинг маънавий брендини шакллантиришга хизмат қилади.

 

Атласда жамланган материаллар асосида қадриятим.уз — «Миллий қадриятлар атласи» электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, у:

 

— доимий янгиланиб бориладиган;

— интерактив функцияларга эга;

— чет эл фуқаролари ва хориждаги ватандошлар учун Ўзбекистон маданияти, миллий қадриятлари, моддий ва номоддий маданий мероси ҳақида хорижий тилларда холис ва ишончли маълумот берувчи;

— миллий маданий меросни рақамли форматда сақлаш ва тарғиб қилишга хизмат қилувчи ягона ахборот базаси вазифаларини бажаради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//