Мактабларда қоғоз кундаликлар, синф журналлари жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Сақлаш
16:08 / 04.02.2026 14 0

Ижтимоий тармоқларда мактабларда анъанавий (қоғоз) кундаликлар, синф журналлари жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу хабарлар ҳуқуқий асосга эга эмаслигини маълум қилди.

 

“Тарқалаётган хабарлар ҳуқуқий асосга эга эмас. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиз мактабларига анъанавий кундалик ва синф журналларига қайтиш бўйича топшириқ берилмаганлигини маълум қилиб, юртимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз”, дейилади вазирлик муносабатида.

 

Давлат раҳбарининг 2018-йил 5-сентябрдаги қарори ҳамда 2019-йил 29-апрелдаги фармонига асосан   айни вақтда мамлакатдаги мавжуд барча умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг давомати ва фанларни ўзлаштириш баҳолари  “eMaktab” электрон журнал тизими орқали амалга оширилиб келинмоқда. 

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бундан кўзланган мақсад, ўқитувчилардаги иш юкламасини камайтириш, ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдан иборатлигини билдириб, бу жараён халқаро тажрибада ҳам ўзини оқлаганини қайд этди. Айни пайтда ота-оналар учун э-мактаб.уз платформасининг бир календарь йиллик обуна нархи 5000 сўмни ташкил этади ҳамда бу миқдор йилдан йилга камайиб бормоқда.

 

Вазирликка кўра, мазкур тизим жорий этилиши натижасида ота-оналарнинг ўз фарзандларининг дарсларни ўзлаштириш даражасини масофавий кузатиш имконияти яратилиб, ўқувчиларни баҳолашда шаффофлик таъминланиб келинмоқда. Шунингдек, педагоглар фаолиятига доир турли қоғозбозликларнинг камайишига эришилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//