Уйда китоб жавони бўлиши боланинг интеллектуал қобилиятига ижобий таъсир қилади – Тадқиқот

Сақлаш
17:33 / 02.02.2026 10 0

Австралия Миллий Университетининг бир гуруҳ олимлари болаликда уйда китоб жавонининг бўлиши инсоннинг интеллектуал қобилиятларига қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўрганишди.

 

Тадқиқот давомида 31 та давлатдан келган 160 минг нафар катта ёшли кишиларнинг маълумотлари ўрганиб чиқилган. Жумладан, улардан 16 ёшли пайтларида уйларида тахминан қанча китоб бўлгани сўралган.

 

Натижага кўра, уйда камида 80 та китобнинг бўлиши келажакда боланинг саводхонлик даражасини ўртача кўрсаткичгача кўтаради, яъни бундай одамларда ўқиш ва ҳисоблаш лаёқати ўртача даражада бўлади. Аксинча, уйда китоб(ёки кутубхона) бўлмаса, бу боланинг келгусида ўқиш ва ёзишда пастроқ натижалар кўрсатишига сабаб бўлади.

 

Маълум бўлишича, энг юқори ютуқларга эришган респондентлар болаликда уйида тахминан 350 та китоб бўлганини таъкидлашган. Демак, уйда кўп китоб бўлиши бола ақлий салоҳиятини ўстиради.

 

Бироқ бу ҳайратланадиган томони эмас. Қизиғи, китоблар қуршовида яшаган, аммо фақатгина мактаб таълими билан чекланган респондентларнинг саводхонлик даражаси уйида кутубхонаси бўлмаган, лекин келажакда олий таълим олган битирувчиларники билан деярли бир хил бўлган. Бундан келиб чиқадики, уйдаги кутубхона қисман бўлса-да кишининг интеллектуал салоҳиятига ижобий таъсир қилади.

 

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, уйда китобларнинг кўп бўлиши болани ўқишга ва билим олишга ундайди. Кейинчалик унда кўплаб фойдали кўникмаларни шакллантиради. Бу – бола фақатгина кўп китоб ўқиши эмас, китобхонлик муҳитида улғайиши ҳам керак дегани. Чунки китоблар ичида улғайиш болаларда фикрлаш, ўқиш ва бошқа билимларни чуқур ўрганишга ёрдам беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//