Дубайда дунёдаги илк тилла кўча барпо этилади

Сақлаш
10:08 / 02.02.2026 12 0

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида сайёҳлар ва заргарлик соҳаси вакиллари учун тилла билан қопланган дунёдаги илк кўча қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.

 

Маълум қилинишича, «тилла кўча» Дубайда янги ташкил этиладиган заргарлик кварталининг марказий қисми бўлади. Лойиҳа маҳаллий заргарлик саноатини ривожлантириш, шунингдек, хорижий сайёҳлар ва харидорларни жалб этишга қаратилган. Ташаббус Ithra Dubai компанияси томонидан илгари сурилган. Лойиҳа тафсилотлари босқичма-босқич эълон қилиниши кутилмоқда.

 

Дубай фестиваллари ва чакана савдо бошқармаси бош директори Аҳмад ал-Ҳажжа мазкур лойиҳа ҳақида фикр билдирар экан, олтин – Дубай маданияти ва савдосининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги лойиҳа нафақат тарихий меросга ҳурмат, балки ижодкорлик ва барқарор ривожланишга асосланган янги давр талқинини ҳам ифодалайди.

 

Маҳаллий нашрлар қайд этишича, янги заргарлик ҳудудида 1000 дан ортиқ дўкон жойлашади. Бу ерда тилла ва заргарлик буюмлари билан бир қаторда, атир-упа ва косметика маҳсулотлари ҳам сотилади. Шунингдек, ҳудудда олтита янги меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Квартал Дубайнинг энг қадимий анъанавий бозорларидан бири бўлган Тилла бозор яқинида жойлашади.

 

Лойиҳа қиймати ҳозирча очиқланмаган.

 

Дубай — олтин хаби

 

Олтин – Дубай учун шунчаки қимматбаҳо металл эмас, балки шаҳар иқтисодиётининг муҳим тармоғи ва ташриф қоғози ҳисобланади. Бутун дунёда олтин айланмасининг тахминан 20-25 фоизи айнан Дубай орқали ўтади. Амирлик олтинни асосан хомашё кўринишида қабул қилиб, қайта ишлайди ва тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилади. Дунёдаги энг оғир тилла узук «Таиба Нажмат» ҳам айнан шу ерда сақланади. Унинг вазни 64 килодан ортади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//