Жамият
Кеча, 10 май куни кучли ёғингарчилик натижасида Тошкент шаҳрининг 8 та туманидаги 23 та манзилдан сув тўпланиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар келиб тушган. Булар:
▪️ Мирзо Улуғбек тумани — 6 та манзил;
▪️ Яшнобод тумани — 3 та манзил;
▪️ Шайхонтоҳур тумани — 4 та манзил;
▪️ Миробод тумани — 3 та манзил;
▪️ Яккасарой тумани — 1 та манзил;
▪️ Олмазор тумани — 2 та манзил;
▪️ Чилонзор тумани — 2 та манзил;
▪️ Юнусобод тумани — 2 та манзил.
Тегишли хизматлар маълумотига кўра, 10 май куни ёғингарчилик миқдори 35 мм ни ташкил этган. Бу миқдорнинг асосий қисми икки соатдан камроқ вақт ичида ёққан бўлиб, ўртача ойлик ёғингарчилик меъёрининг ярмидан кўпроғини ташкил этади.
Таққослаш учун, Тошкентдаги мавжуд ёмғир сувларини оқизиш тизими бир кеча-кундузда 20 мм гача ёғингарчиликни қабул қилишга мўлжалланган. Ишлаб чиқилган бош режага мувофиқ, тизимнинг ўтказувчанлик қувватини бир кеча-кундузда 36 мм гача босқичма-босқич ошириш кўзда тутилган.
Бундан келиб чиқадики, энг кучли ёмғир пайтида шаҳар сув оқизиш инфратузилмаси бош режада назарда тутилган истиқболдаги ҳисоб-китоб параметрларига яқин бўлган кескин ва қисқа муддатли юкламага дуч келган.
Айрим нуқталарда келаётган сув ҳажми бир вақтнинг ўзида мавжуд ирригация тармоқлари ва қувурларнинг ўтказувчанлик қувватидан ошиб кетган. Натижада бир қатор ҳудудларда ёмғир суви тўпланиб қолган.
Бундан ташқари, айрим жойларда қуйидаги омиллар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда:
▪️ сув оқизиш элементларининг чиқиндилар билан тиқилиб қолиши;
▪️ ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар;
▪️ ариқ ва ирригация тизимларининг автотураргоҳ ёки бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун тўсиб қўйилиши.
Таъкидланишича, арзимасдек туюлиши мумкин бўлган бундай ҳолатлар аслида шаҳарнинг бутун сув оқизиш тизими фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади.
Хабарга кўра, оқибатларни зудлик билан бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, дренаж-коллектор тизимлари, каналлар, коммунал хизматлар ва бошқа тегишли ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда бригадалари жалб этилиб, жойларда 60 дан ортиқ махсус техника ишлаган.
Кўрилган чоралар натижасида сув тўпланиши оқибатлари бир соат ичида тўлиқ бартараф этилган.Ҳар бир манзил бўйича ишчи гуруҳлар томонидан вазият бирламчи тарзда ўрганилиб, зарур чоралар белгиланган. Хусусан, қуйидагилар кўриб чиқилмоқда:
— 5 та манзилда ирригация тизимини қуриш;
— битта ҳудудни лойиҳачилар билан биргаликда қайта ўрганиб чиқиш;
— қўшимча 3 та дюкер ўрнатиш;
— битта объект диаметри 800 мм бўлган, бошқа бир қатор ҳудудларда эса диаметри 500 мм бўлган қувурларни ўрнатиш;
— қўшимча насос агрегатларини ўрнатиш ва сув чиқариш қувватини ошириш;
— 6 та қўшимча сув қабул қилиш панжарасини монтаж қилиш;
— тизимнинг айрим қисмлари ўтказувчанлик қувватини кучайтириш.
«Ишлар манзилли давом эттирилади. Асосий эътибор ёмғир сувларини чиқариш тизимини босқичма-босқич модернизация қилиш, муаммоли ҳудудларнинг ўтказувчанлик қувватини ошириш ва келгусида локал сув тошиши хавфини камайтиришга қаратилади», дейилади расмий ахборотда.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
77859
Жамият
56784
Жамият
56012
Жамият
51064
Жамият
//
Изоҳ йўқ