Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари йўлга қўйилади

Сақлаш
10:16 / 30.01.2026 10 0

Жорий йил 1-мартдан чет эл фуқаролари учун CEFR талаблари асосида ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари жорий этилади. Б1 даражадаги сертификатга эга шахслар фуқароликка қабул қилишда давлат тили имтиҳонидан озод этилади.

 

Ҳужжатга мувофиқ, 2026-йил 1-мартдан бошлаб CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва Б1 даражалари бўйича, 2027-йил 1-мартдан бошлаб эса Б2, C1 ва C2 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади.

 

Ўзбек тилини билиш даражаси тўғрисида камида Б1 даражадаги малака сертификатига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2026-йил 1-апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан озод этилади.

 

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича малака имтиҳонини ташкил этиш ва сертификатлаш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг “Илмий-ўқув амалий маркази” давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.

 

Илмий марказ малака сертификатини бериш имтиҳонини 4 та кўникма (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) асосида онлайн шаклда ташкил этади. Имтиҳон учун талабгорларни рўйхатдан ўтказиш, тўловларни қабул қилиш, имтиҳонни ўтказиш, натижаларни эълон қилиш, апелляция мурожаатларини қабул қилиш ҳамда электрон сертификат беришни назарда тутувчи “Ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳони” электрон платформасини ишга туширади.

 

Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор 50 АҚШ доллари миқдорида тўловни амалга оширади. Рўйхатдан ўтиш жараёнида талабгор бир ой муддат ичида икки маротаба малака имтиҳони топшириш истагини билдирган тақдирда, иккинчи малака имтиҳони учун имтиҳон тўловининг 50 фоизи миқдорида чегирма тақдим этилади.

 

Малака имтиҳони натижасидан қаноатланмаган талабгорларга уч ой муддатда 4 та кўникмадан исталган бири бўйича қўшимча тўлов (25 АҚШ доллари) асосида бир маротаба қайта имтиҳон топшириш ва сертификат олиш имконияти яратилади.

 

Шунингдек, малака имтиҳони натижасидан қаноатланмаган талабгор натижалар эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида имтиҳон платформаси орқали апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Апелляция шикояти тўлов асосида кўриб чиқилади. Бунда талабгор малака имтиҳонининг апелляция бермоқчи бўлган ҳар бир бўлими учун 8 АҚШ доллари миқдоридаги тўловни амалга оширади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//