Айрим талабаларнинг турар жой харажатлари қоплаб берилади

Сақлаш
15:29 / 29.01.2026 10 0

Вазирлар Маҳкамасининг 28 январдаги қарори [32-сон] билан айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойларидаги (ТТЖ) яшаш харажатларини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.

 

Ушбу имтиёздан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган фарзандлари фойдаланиши мумкин. Тўловлар талаба грант ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар амалга оширилади.

 

Талабанинг давлат олий таълим ташкилотлари ТТЖдаги яшаш харажатини қоплаб бериш унинг оиласи Ижтимоий реестрнинг «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган санадан бошлаб 12 ой давомида сақланиб қолади.

 

Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида комиссия томонидан талабгорлар рўйхати аниқланади.

 

Ариза берувчи ўқув йили учун талабалар ТТЖда яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) номига ойнинг 7-санасига қадар ариза билан мурожаат қилади. Ушбу муддатдан кейин тақдим этилган аризалар ушбу ой бўйича яшаш харажатларини қоплаб бериш учун кўриб чиқилмайди.

 

Шунингдек, ариза берувчи мустақил равишда комиссияга «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими» (контракт.эду.уз) орқали ариза юборади. Ариза тегишли ўқув йили учун бир маротаба юборилади.

 

Кўриб чиқиш якунлари бўйича комиссия йиғилишининг баённомаси асосида бир кун муддатда давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори)нинг тегишли буйруғи расмийлаштирилиб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхати тўловларни амалга ошириш учун олий таълим ташкилоти бухгалтериясига тақдим этилади.

 

Қарорга кўра, талабалар ТТЖга устуворлик асосида, навбатсиз қабул қилинади. Агар давлат ётоқхонаси бўлмаса, талабалар давлат-хусусий шериклик асосида қурилган турар жойларга жойлаштирилиши мумкин. Тўловлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//