Жамият
Жорий йилнинг 1-февралидан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар билан танишинг.
1. Ташаббусли лойиҳа қийматининг 50 фоизини молиялаштиришда аҳоли иштирок этган тақдирда, қолган қисми республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бундай лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади.
2. “Ёшларнинг ягона электрон платформаси” ахборот тизими ишга туширилади. У ёшларнинг қизиқишларини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиб, ёшлар учун амалдаги имтиёзлар, преференсиялар ва имкониятлар тўғрисида маълумот бериб боради.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари” доирасида ижтимоий ёрдам олиш учун ариза бериш ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ёшларнинг ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.
3. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида Ягона ижтимоий реестр иш бошлайди. У “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” АТда ижтимоий қўллаб-қувватланадиган оилаларни (шахсларни) аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини баҳолаш учун юритилади.
“Давлат таъминотидаги оила” тоифасига кирувчи оилалар учун ижтимоий ёрдам пакети жорий этилади.
Шунингдек, оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш, тоифаларини белгилаш ва чиқариб ташлаш билан боғлиқ низоларни тезкор ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Апеллатсия кенгаши ташкил этилади.
4. Зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади.
5. Хорижий фуқаролар томонидан илгари сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.
6. Жисмоний шахсларга ИД-карта бирламчи расмийлаштирилаётганда унинг чипига киритиладиган ЭРИ сертификатини бериш бепул амалга оширилади. Шу билан бирга, Мигратсия ва персоналлаштириш соҳасида ИИО фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
7. “А” ва “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий дастурининг назарий қисмини мустақил равишда ўрганишлари мумкин бўлади. Шунингдек, “А”, “В”, “С”, “Д” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар “А1” кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариши мумкин.
2026-йил 1-апрелдан бошлаб эса фото ва видео қайд этиш тизимлари томонидан қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари ҳисобланади.
Агар баллар сони 12 баллдан ошса, транспорт воситаси жарима майдончасига юборилади.
8. “Китоб - маърифат манбаи” дастури ишга туширилиб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик маданияти тўғрисидаги рекламалари ижтимоий реклама сифатида эътироф этилади. Транспорт инфратузилмаси обектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метрополитен, самолёт, поезд) симсиз ёки мобил интернет орқали “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади, қулайлик учун ҚР-кодлар ўрнатилади. Шунингдек, умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик тўгаракларини ташкил этиш режалаштирилган.
9. Зарар кўриб ишлаётган микроавтобус йўналишларида кўрилган зарарлар ЯИДХПдаги давлат хизматлари орқали қопланади. Бунда ташувчилар туман марказларини олис ҳудудлар билан боғловчи норентабел мунтазам микроавтобус йўналишларининг зарарларини қоплаш учун ЯИДХПга аризалар тақдим этадилар. Аризалар УзТранс томонидан кўриб чиқилади. Хизмат бепул.
10. 1-февралдан умумий вазни 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар, антиқа автомототранспорт воситалари учун алоҳида сериядаги давлат рақами белгилари жорий этилади. 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади, бундай транспорт воситалари давлат реестридан чиқарилади.
11. Кам таъминланган оилалар реестрига киритилган ёшлар давлат билан қўшимча моддий ёрдам ва имтиёзлар олишни назарда тутувчи ижтимоий контракт тузиши мумкин бўлади. Ижтимоий шартнома тузилган кундан бошлаб олти ой давомида мажбуриятларини бажарган фуқаролар рағбатлантирилади. Бундан ташқари, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилиб, ушбу мақсадлар учун субсидиялар ажратиш тартиби бекор қилинмоқда.
Айни бир шахс бир йил давомида ижтимоий ёрдамнинг ҳар хил турларидан кўпи билан 2 марта фойдаланиши мумкин.
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Сиёсат
Жамият
77569
Жамият
56627
Жамият
55825
Жамият
50891
Жамият
//
Изоҳ йўқ