Формали ходимга қилинган мурожаат «102»га хабар берган билан тенг бўлади

Сақлаш
14:57 / 27.01.2026 9 0

Шавкат Мирзиёев раислигида давлат ва жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

 

Унда Ўтган йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1 минг 407 та жиноят содир этилгани қайд этилди. Уларнинг 40 фоизи маҳалла ҳудудида бўлган. Ёки ўғрилик, талончилик, тан жароҳати, безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилмоқда.

 

Шу боис, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади.

 

Патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патруллик қилади. Патруль гуруҳлари ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.

 

Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.

 

Бундан буён туман ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари ва 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари бошқа ишларга умуман жалб қилинмайди. Уларнинг фаолияти фақат вазирнинг буйруғи билан тартибга солинади.

 

Аҳолининг ҳуқуқларини таъминлаш ва қулай шароит яратиш мақсадида судлар, адвокатура, суд-тиббий экспертизанинг ҳам марказлашган тунги навбатчилигини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилди.

 

Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилиши маълум қилинди. Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат «102»га хабар берган билан тенг бўлади.

 

Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади.

 

Профилактика инспектори учун замонавий, халққа ёқадиган кўринишда формани тайёрлаш топширилди. Инспекторларнинг иши рақамлаштирилади, «овозли тушунтириш хати» олиш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Шунингдек, туман ички ишлар тергов бўлимида материалларни кўриб чиқадиган терговга қадар текширув гуруҳлари тузилади.

 

Бундан буён профилактика инспекторига КПИ қўйишда протокол тузиш мезон бўлмайди.

 

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун ҳам жуда декларатив ёзилгани, ҳақиқий ҳолат асосида амалда ишлайдиган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни ҳам профилактикага йўналтирган ва таъсирчанлигини оширган ҳолда янгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//