Санепидқўмита: NIPAH вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган

Сақлаш
09:28 / 27.01.2026 20 0

Санепидқўмита Ахборот хизмати NIPAH вируси билан боғлиқ вазият ҳақида маълум қилди.

 

Унга кўра, NIPAH вируси зооноз касаллик бўлиб, у инсонга ҳайвонлардан, масалан, кўршапалаклардан, зарарланган озиқ-овқат орқали ва одамдан одамга юқиши ҳам мумкин. NIPAH вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий касалликни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.

 

Сўнгги йилларда NIPAH вируси эпидемиялари мунтазам равишда Ҳиндистонда кузатилмоқда, шу билан бирга инсон касаллиги ҳолатлари Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам рўйхатга олинади.

 

Қўмита NIPAH вируси Ўзбекистонда қайд этилмагани ва эпидемиологик вазият барқарорлигини қайд этади.

 

Ахборот матнида шунингдек, ушбу касалликни мамлакатга кириб келиш эҳтимоли жуда паст бўлсада, Ҳиндистонга боришни режалаштираётган юртдошларимизга мазкур вирусдан сақланиш учун тавсиялар бериб ўтилган:

 

- шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;

- қўлларни совун билан яхшилаб ювиш;

- антисептик воситалардан фойдаланиш;

- мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ювиш;

- текширилмаган сувни ичмаслик;

- асосийси, кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.

 

Юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

 

Маълумот учун, айни дамда Осиёнинг бир қатор давлатларида назорат кучайтирилган. Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штатида Нипаҳ вируси тарқалиши ортидан Непал, Таиланд, Тайван ва Гонконг аэропортлари Ҳиндистондан келаётган йўловчилар учун тиббий текширувларни кучайтирган.

 

Қўмита аниқлик киритишича, Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни барқарор ушлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларни олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктларида доимий назорат олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//