Тошкентдаги 16 февраль воқеаларида иштирок этган шахс 23 йил ўтиб қўлга олинди

Сақлаш
10:59 / 14.01.2022 1216 0

Ўзбекистон ҳудудида террористик жиноятларни содир этгани учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган У.С. хорижда ушланиб, мамлакатга олиб келинди.

 

Маълум қилинишича, У.С. (1967 йил Тошкент вилоятида туғилган) 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этади ва ўша йилнинг март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетган.

 

Шунингдек, У.С. иорданиялик Амир Хаттоб томонидан Чеченистонда ташкил этилган жангариларни тайёрлаш лагерларига «Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилотининг Ўзбекистондан бўлган аъзоларини жўнатиш билан ҳам шуғулланган.

 

Таъкидланишича, у 2001 йилнинг ноябрь ойида бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида МДҲга аъзо давлатлардан бирининг фуқаролигини олиб, ўша мамлакат ҳудудида яшириниб юрган.

 

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида У.С. ҳибсга олинган. Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//