
Жамият
21-октабр куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-Park`ка ташриф буюриб, лойиҳанинг иккинчи босқичига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи икки йил олдин 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига амалга оширилган. Қарийб 4 гектар майдонда 20-25 қаватли 6 та офис биноси ва замонавий конгресс-холл барпо этилди. У ерда мутахассислар учун барча шарт-шароитлар яратилган, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инкубация ва акцелерация дастурлари ташкил этилиб, ахборот технологиялари, финтех, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда ИТ-парк резидентлари сони 3 минг 200 та компанияга етди, уларда 14 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Ўтган йили резидентлар томонидан 1 миллиард 600 миллион долларлик хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йил якуни билан мазкур кўрсаткич 2,5 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажми эса илк бор 1 миллиард долларлик маррадан ошиши режалаштирилган.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 300 мингдан зиёд ёшларни ахборот технологиялари соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Хорижий экспертлар фақатгина сунъий интеллект йўналишининг ўзида Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.
– Ишончим комилки, бугун тамал тоши қўйилаётган ушбу йирик мажмуа олдимизга қўйган улкан марраларни забт этишда, шунингдек, инвесторлар билан Ўзбекистон ўртасида манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади, – деди давлатимиз раҳбари.
Лойиҳага кўра, “IT-Park” ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Бу ерда Саудия Арабистонининг «ДатаВолт» компанияси билан ҳамкорликда қуввати 12 мегаватт бўлган, 150 миллион долларлик дата-марказ барпо этилади. Кейинги босқичларда яна 3 миллиард доллар инвестиция киритилиб, қувват 500 мегаваттга етказилади.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда жами 6 та бино – Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек, сервис ва савдо марказлари қурилади. Бир сўз билан айтганда, мазкур мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган «Сунъий интеллект хаби»га айланади.
Президент Шавкат Мирзиёев капсула қўйиб, «ИТ-Парк» лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига расман старт берди.
Жамият
Жаҳон
Маданият
Сиёсат
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ