Шавкат Мирзиёев давлат тилини янада ривожлантиришга оид муҳим қарорни имзолади

Сақлаш
17:19 / 20.10.2025 12 0

«Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, қуйидагилар давлат тилини янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

▪️ мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш;

 

▪️ таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

 

▪️ давлат тилининг софлигини сақлаш ва унинг луғат бойлигини мунтазам ошириб бориш;

 

▪️ давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, бу борада сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш;

 

▪️ давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

 

▪️ мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

 

Қарорда 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури иловага мувофиқ тасдиқланиши айтилган.

 

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши белгиланди.

 

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2026 йилдан бошлаб:

▪️ таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлодини яратиш;

 

▪️мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқиш;

 

▪️мактабгача таълим ёшидаги болалар учун «Менинг илк изоҳли луғатчам» расмли луғат китобини яратиш;

 

▪️болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

 

Фанлар академияси эса:

▪️ 2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли «Ўзбекистон миллий қомуси»ни электрон шаклда тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

 

▪️ 2026 йил 1 декабрга қадар «Она тили. Қомус» китобининг нашрга тайёрланиши ва чоп этилишини таъминлайди.

 

Қарорда ёзилишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2025 йил 1 декабрга қадар:

– янги қабул қилинаётган атамалар бўйича жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни қайд этиб борувчи;

 

– тасдиқланган янги сўз ва атамаларни ўзида акс эттирадиган электрон реестрни юритувчи;

 

– ўзбек тилида чоп этилган соҳавий, изоҳли ва имло луғатларини ўзида жамлаш ва фойдаланиш учун мўлжалланган электрон платформани яратиш бўйича илмий лойиҳага танлов эълон қилади.

 

Шунингдек, вазирлик давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ҳамда илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш мақсадида энди ҳар йили октябрь ойида мамлакатдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабалар ўртасида ўзбек тили бўйича республика олимпиадаси ҳамда «Ўзбек тили – қалбим таржимони» кўрик-танловини юқори савияда ташкил этиб боради.

 

Шу билан бирга, ҳар йили октябрь ойида :

▪️ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий, ижодий, амалий ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Жонажон ўзбек тилим» танловини;

 

▪️ Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вазирлик ва идоралар билан биргаликда умуммиллий диктант лойиҳасини;

 

▪️ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда вазирлик ва идоралар 21 октябрь Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маданий-маърифий, адабий тадбирлар, янги китоблар тақдимотларини ўтказиб боради.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса:

– умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини;

 

– ўзбек тили фани ўқитувчилари ўртасида «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» республика танловини ташкил этиб боради.

 

Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ҳам ҳар йили ўтказиб борилиши белгиланди. Ушбу жараённи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Ватандошлар» жамоат фонди билан биргаликда амалга оширади.

 

Ушбу олимпиадада ғолиб бўлганлар республика олий таълим муассасаларининг «филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишига (умумий қабул квотасидан ташқари) давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

 

Шу қаторда, мамлакатдаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эллик талабалар учун (улар ўқиётган олий таълим ташкилотлари маблағлари ҳисобидан) ўзбек тилига бепул ўқитиш курслари ташкил этилади.

 

Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳам 2026 йил давомида ўз маблағлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар вакиллари учун ўзбек тилига ўқитиш курсларини кенгайтиради.

 

Бундан ташқари, қўмита Ташқи ишлар вазирлиги, «Ватандошлар» жамоат фонди ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Ватандошлар» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хорижий давлатлардаги ўзбек диаспора ташкилотлари ҳузурида ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этишга кўмаклашади, уларни зарур ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради.

 

Ёшлар ишлари агентлиги уч ой муддатда ўзбек тилини бошқа миллат ва элатлар вакиллари, хориждаги ватандошларнинг фарзандларини, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқароларини ўқитиш мақсадида «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси билан ҳамкорликда алоҳида сунъий интеллект ёрдамида ўзбек тилини ўргатиш модулини ишга туширади. Қарорда ўзбек модулини яратиш учун харажатлар Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан амалга оширилиши назарда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//