“Тақлидчи ва шахс шарҳи”, “Томошабинлик театрда ярашар!”, “Болалар сайёрасидаги зилзилалар” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
13:51 / 29.09.2025 132 0

“Интуиция дегани инсоннинг асл ва табиий ҳолатига уйғунлигидан келиб чиқади. Бирор нарса қилишдан аввал хаёлингизга келган оний фикр “йўқ” деган бўлса-ю, сиз унга қарши бориб, тескарисини қилсангиз, у кўпинча амалга ошмайди. Баъзи одамларнинг ички сезгиси сувдек тиниқ бўлади. Интуиция, сезиш табиатга уйғунликдан дарак беради. Ўтмишнинг одамлари табиатга ҳамиша яқин бўлган. Табиатга яқинлик табиий қонуниятларга бўйсуниб яшашни билдиради. Инсоннинг ҳалқуми тоза бўлса, табиатга терс бормайди. Ҳалқуми тоза дегани ҳалол еб, ҳалол яшаш демакдир. Кишининг ўйи, сўзи, амали уйғунлашиш керак, бу эса ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.” Мазкур парча профессор Шомирза Турдимов билан уюштирилган “Тақлидчи ва шахс шарҳи” суҳбатидан олинган. Суҳбатни тўлиқ “Маънавий ҳаёт” журналининг 2025 йил 3-сонида ўқинг.

 

“Эҳтимол, бу филмларни бир-бирига қиёслаш ноўриндир. Лекин менга филмлар ўртасида ассоциатив боғлиқлик бордай кўринди. Агар “Паризод”да Жонибек етовидаги париқиз қишлоққа келиб, ҳамманинг тинчини бузган бўлса, “Баҳорни қувиб”да Роҳатой Шукурова исмли ўқитувчи ўзи билан “севги-певги”ни олиб келиб, овул аҳлининг ҳаловатини ўғирлайди. Аюб Шаҳобиддиновнинг янги киноси яна аёл қисмати, унинг долғали, фожиали ҳаёт йўли ҳақида.” Санъатшунос Шоҳрух Абдурасулов “Нозик хилқат, метин сийрат” мақоласида режиссёр Аюб Шаҳобиддинов филмларини таҳлил қилади.

 

Отамнинг қизиқишлари мени ҳам қизиқтирган. Масалан, ёзишдан зериккан дамларида катта қўшалоқ кассетали магнитофонга микрофонни улаб, менга қизиқ саволлар бериб, овозимни ёзиб оларди. Орада суратга ҳам туширарди. Мен ҳам ҳар якшанба радиодан бериладиган шарқ куйларини магнитофонга ёзиб олардим, ҳатто кинотеатрга ҳам магнитофонни обориб, филмлардаги қўшиқларни ёзиб олардим. Отам ёшлигида газета-журналларда фотомухбир бўлиб ишлаган ва болалик пайтимда  фотографлик сирларини менга ҳам ўргатган. Кечаси қоронғу ижодхонада қизил лампани ёқиб отам иккимиз фото чиқарардик.” “Оталар ва қизлар” рукнида Нодира Ҳусанхўжаеванинг Саид Аҳмад ҳақидаги хотираларини “Эртаклар оламида яшадим” сарлавҳаси остида ўқийсиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Сув ўзига йўл топади” (Нурислом Тўхлиев), “Донишманд сиёсий арбоб” (Ҳалим Саидов), “Насойим…” пинжидаги умр” (Азиз Норқулов) мақолалари, “Сафед-булонликлар” (Аҳмалжон Мелибоев) хотира-эссеси, “Балзакдан мужда” (Саиджалол Саидмуродов) таржимасини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Қалтис саволларга нозик жавоблар…” (Абдулатиф Турсунов), “Ўрни тўлмас хазина” (Инобат Иброҳимова) мавзуларида сўз боради.

 

“Ким қанча яшаса ҳам ҳосиласи “дунё деразаси”дан бир боқишлик муддат бўлиб қолаверади. Муҳими, ўша деразадан қандай боқишда. Изидан келаётганларга ибрат олишга арзирли мерос қолдира билишида. Ана шунда у бу дунё деразасидан мазмунли боқиб кетган бўлади.” “Тақлидчи ва шахс шарҳи” суҳбатидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, дунё деразасидан мазмунли боқаётганлар қаторида бўлинг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//