
Жамият
Ёшлар орасида Ғарб маданияти, айниқса кино, мусиқа, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тез тарқалмоқда. Ёшлар орасида индивидуализм, шахсий эркинлик, гедонизм (енгил-елпи ҳузур-ҳаловатга, лаззатланишга интилишни олий мақсад деб ҳисобловчи ахлоқий таълимот) ғоялари кўпроқ қизиқиш уйғотиши бугун ҳаммага аён.
Турмуш тарзимизга истеъмолчилик маданияти (кийинишда брендларга интилиш, қиммат гаджетлар ишлатиш, fast-food истеъмоли) орқали Ғарб турмуш тарзи, улар орқали эса урф-одатлари, оммавий маданият кенг ёйилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Социологик кузатувларимиз юртимизнинг кўплаб қишлоқ ҳудудларида миллий урф-одатлар нисбатан сақланаётганини ва Ғарб таъсири «буза олмаган» чегаралар (ҳозирча!) сақланаётганини кўрсатмоқда. Аммо бу кўрсаткичлар шаҳарлар, айниқса катта мегаполислар кесимида глобаллашув таъсирларини сездирмоқда.
Замонавий, яъни ижтимоий тармоқлар, интернет ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган, асосан ўсмир ёшлар учун бўш вақтни ташкил этишда Ғарб моделларидан яна бири — «вақтни кўнгилхушлик билан ўтказиш»ни, «адреналин манбаи» деган чиройли тарғибот ортига яшириниб, болаларимиз руҳият оламини ўз ортидан оҳанрабодек эргаштираётган квест уйлари ҳақида тўхталмоқчимиз.
Жоиз бўлса, квест уйи тарихига қисқа тўхталамиз: илк реал квест уйи 2007 йилда Япония (Токио)да ташкил этилгани, кейинчалик «токиогизм», «такагизм» номи остида жаҳонга тарқалгани ҳақида маълумотлар бор.
Ўтган 15 йил квест уйлари учун ҳам анчагина муваффақият келтирди дейиш мумкин. 2022 йилда дунёда квест уйлари сони 40 мингдан ортгани, бозор қиймати эса 1,2 млрд долларни ташкил қилгани бунинг яққол далилидир. Айни дамда ҳам ушбу лойиҳа самарадорлиги катта тезликда ўсиб бораётгани ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётганини сўнгги йилларда пойтахтимизда «ҳоррор-квест уйлари» кенг тарқалаётганида кўришимиз мумкин. Кўнгилочар ва адреналин манбаи сифатида фарзандларимизга таклиф этилаётган ушбу уйлар болалар маънавий оламига салбий таъсир кўрсатиш даражаси юқорилигича қолаётганини Грузиянинг Махачқалъасидаги Расул Ҳамзатов кўчасида ёниб кетиши оқибатида 2 нафар (улардан бири 20 яшар) қизнинг фавқулодда вафот этишига сабаб бўлган квест уйи, шунингдек, умуман квест уйларини танқидий ўргана бошлаган россиялик блогер Григорий Надтокнинг қуйидаги фикрлари ҳам тасдиқлайди: «менинг жамоам ва мен бу (квест)ни турли шаҳарларда кузатдик, жиҳозланишидан ҳамма нарса бир хил: ифлос ертўла, ахлатхонадаги мебел, қўпол оператор, актёрлар... Биз ижодий гуруҳ номидан салбий шарҳ ёзганимизда, улар, квест уйи «ижодкорлари» менга тунда таҳдид қилди ва уни ижтимоий тармоқлардан ўчиришни талаб қилди. ...Квестлар билан боғлиқ даҳшатли муаммо шундаки, томошабинлар реализмни талаб қилиши мумкинлиги, турли аудиториядаги одамларнинг ҳақиқатан ҳам ўзаро боғланишни сўрашидадир1.
Дарвоқе, бугунги кунда Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 дан ортиқ квест уйлари фаолият юритмоқда. Хўш, бу «уй»ларда қандай мазмундаги «кўнгилочар» хизмат турлари таклиф қилинмоқда деб ўйлайсиз?
Пойтахтимиздаги 19 та квест уйининг интернетдаги сайтларида тақдим қилган маълумотларини таҳлил қилиб, «кўнгилочар» хизматлар қуйидаги жанр ва мавзуларда эканини аниқладик.
Мавзулар бўйича:
- зўравонлик ва маняклик (қотиллик уйи, маняк таъқиби ва ундан қочиш);
- арвоҳлар ва мистик образлар (ялмоғиз кампир, руҳлар, қонли қаср);
- илмий-фантастик (роботлар, ўзга сайёрадан келганлар, вақт машинаси);
- тарихий ва миллий мавзулар (қадимги пирамидалар, Самарқанд тарихи билан боғланган воқеликлар) қизиғи, Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ичида турли қонли сюжетли ўйинлар ташкил этилади;
- мафкуравий ва маиший (гуноҳ ва жазолаш, адолат ва зулм);
- ёшлар ва болаларга мўлжалланган (суперқаҳрамонлар, мултфилм қаҳрамонлари) ва ҳ.к.
Жанрлар бўйича:
- Ҳоррор (қўрқинч жанри) кучли қўрқув муҳити яратади;
- Детектив / триллер;
- Болалар квести, перформанс, интерактив;
- Фантастика ва фэнтези;
- Экзорцизм;
- Мантиқий;
- Комедия ва юмор;
- Саёҳат жанри ва ҳ. к. Бу жанрлар актёрлар билан (перформанс) турли даражадаги жонли алоқа қилиш мумкин бўлган: енгил («лайт»)дан оғир («хард»)гача таклиф қилинади.
Бугун айрим «кўнгилочар» уйларда таклиф этилаётган хизматлар ичида экзорцизм жанри алоҳида эътиборга лойиқ. Экзорцизм — аслида диний маросим бўлиб, у «жин, ёвуз руҳлар» ёки шайтоний қора кучларни инсондан ёки муайян жойдан қувиб чиқаришга қаратилган. Бу бизнес ривожланишида иқтисодий манфаат ётибди. Тошкент шаҳрида 400 минг сўмдан 1 млн сўмгача ташкил этадиган жамоавий ўйинда энг камида 4 дан 6 нафаргача одам қатнашади. Аммо бу фақат иқтисодий манфаат холос. Психологларнинг таъкидлашича, боланинг 10 дақиқа қўрқувда ўтириши юрак уриши (тахикардия), нафас олишини (гиперпнея) тезлаштириши, терлаш, қон босими ошиши, мушаклар таранглашиши, қўллар ва оёқларда музлаб қолиш ҳиссини туйиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши, ич кетиши (вегетатив реакциялар) каби жисмоний ўзгаришларга, шунингдек, қўрқув, хавотир, ҳаракатсизлик (fight, flight, freeze реакцияси), ёш болаларда йиғлаш, ота-онага ёпишиш, узоқ муддатли таъсирлар – агар қўрқинчли воқеа жуда кучли бўлса (травматик ҳолат) психик касалликлар ПТСР (посттравматик стресс бузилиши), қўрқинчли воқеани қайта-қайта хотирлаш, тушкун кайфият, уйқусизлик, туш кўриш, доимий хавотир ва асабийлик, тревога бузилишлари (анҳия), маълум бир воқеа ёки ҳодисага кечикиб реакция қилиш, жамиятдан узилиш, босқинчиликнинг қайта такрорланишидан қўрқиш, депрессия, хавотир, кайфиятдаги тушкунлик, ва ниҳоят, ижтимоий изоляция... Иммунитет тизимининг заифлашиши, ошқозон-ичак муаммолари (газлар, гастрит), гормонал дисбаланс (кортизол миқдори кўпайиши) каби руҳий хасталиклар ва улар оқибатида вужудга келадиган физиологик ўзгаришларга сабаб бўлар экан.
(психолог томонидан тақдим этилган ва бола томонидан чизилган сурат)
Тасаввур қилинг: фарзандингиз қўрқинчли тасвирлар, даҳшатга солувчи овозлар ҳамда «алвасти ва шайтонлар, қўрқинчли руҳлар таъқиби» билан юзма-юз қолади. Изтироб, руҳий зилзила... Унинг маънавий оламида рўй берган ўзгаришларни оқ қоғозга чизинг ва суратга боқинг...
Бола бу жараёндан сўнг тунда тинч ухлай олмайди. Қўрқинчли тушларидан халос бўлолмайди. Қалбидаги жароҳатлар: қўрқув, мавҳумлик, хавотирлар ва тасаввурлар хавфлари остида ҳаёт кечира бошлайди.
Жанр нуқтаи назаридан детектив ёки триллерларсиз, қўрқинчли саҳналарсиз ҳам квест уйларини ташкил этиш мумкин. Бироқ кўп ҳолларда сюжетига кучли таъсир кўрсатиш ва иштирокчиларда ҳаяжон уйғотиш мақсадида саспeнс (кўтаринки ҳаяжон, кутилмаган бурилишлар) ва айрим қўрқинчли элементлар қўшилиши турган гап. Масалан, детектив квестларда кўпроқ жиноят сирлари, қотиллик излари, қоронғи хоналар, сирли буюмлар орқали кескин муҳит яратилади.
Триллер квестларда эса кутилмаган товушлар, қоронғилик, қўрқинчли персонажлар ёки жонли актёрларнинг тўсатдан пайдо бўлиши иштирокчиларда кучли ҳаяжон ва қўрқув уйғотади. Шунинг учун айтиш мумкинки, детектив ва триллер квестларида қўрқинчли саҳналар мавжуд бўлиши мумкин, бироқ уларнинг даражаси ўйин ташкилотчиси ва танланган сюжетга бевосита боғлиқ.
Албатта, квест уйларида фақат детектив ёки триллер жанрлари эмас, балки бошқа турдаги сценарийлар ҳам учрайди. Масалан, саёҳат мавзусидаги квестлар ёки турли хил мултфилм эпизодлари асосида тузилган ўйинлар мавжуд. Бироқ шунга эътибор қаратиш лозимки, бу саҳналарнинг кўпчилиги асосан Ғарб анимацион филмлари қаҳрамонлари билан боғлиқ.
Уларда миллийлик, халқимизга хос маънавий-тарбиявий элементлар ёки миллий қаҳрамонларнинг образлари деярли учрамайди. Аксинча, қиморбозлик, турли маънавий бузғунчиликка олиб келадиган ютуқли ўйинлар тарғиботи каби «майда детал»лар билан бойитилгани ёшларда қизиқиш уйғотади, уларнинг маданий дунёқараши ва маънавий тарбиясига миллий қадриятлар асосида таъсир кўрсатиш имкониятини чеклайди. Бу эса квест уйлари сценарийларини миллий қаҳрамонлар, тарихий образлар ёки халқ ижодиётидан олинган мотивларни тарғиб қилиш юзасидан ўрганиш муҳимлигини кўрсатади.
Келинг, Тошкент шаҳридаги квест уйларининг бирида болалар учун тақдим қилинаётган интерактив жанридаги «ўйин» тавсифига эътибор қаратамиз.
Ўйин мавзуси: дўстларинг билан бирга ушбу шаҳар қандай тарихни ўзида сақлаётганини билишга ҳаракат қил. Бу ерда Маллинслар оиласи яшаган, уларнинг кичик қизалоғи машина ғилдираги остида қолиб ҳалок бўлган... Ота-она учун фарзандини йўқотишдан кейинги кунлар тоқатсиз ўтди. Орадан кўп ўтмай, Аннабелланинг ота-онаси уйда турли овозларни эшита бошлади: қадам товушлари, қизи ухлашдан олдин эшитадиган севимли мусиқа хиргойиси... Улар англашдики – бу қизининг руҳи. Ота «руҳ»га ўз қизи қиёфасида тайёрлаган қўғирчоққа кириши учун рухсат берса, қизини яна бир маротаба тирик ва соғ-саломат ҳолда кўриш бахтига муяссар бўлишади. Бироқ Маллинслар қўғирчоққа киришга рухсат берган руҳ қизининг руҳи эмас, балки даҳшатли ёвуз кучга эга руҳ бўлиб чиқади. Энди орқага йўл йўқ...
Хўш, сиз бу ўйинда иштирок этган болаларнинг руҳиятидаги ўзгаришларни тасаввур қила оласизми?
Марказ томонидан Тошкент шаҳридаги квест уйларининг ижтимоий тармоқлар, яъни Instagramʼдаги ҳолати таҳлилий ўрганилди.
Квест уйлари Instagram-канали аъзолари энг ками 4 мингдан бошланади. Уларга болаларни жалб этиш бўйича «туғилган кунга 10 фоиз чегирма» каби ҳамёнбоп ва ўйинлар бўлиб ўтадиган манзиллар бўйича пойтахт кўчалари мисолида (суратдаги каби бешариқ кўчасидаги «морг») локация кўрсатилган «қизиқтирувчи» тарғибот йўлга қўйилган. Хориж фуқароларига ҳам алоҳида скидкалар асосида ўйинлар ташкил этилади. Айрим хорижлик ёшларнинг Тошкент квест уйлари «арзонлиги» ҳақидаги илиқ фикрларини уйғотиш мумкин тармоқларда. Шунингдек, ўзбекистонлик ёшларнинг ҳам аудиторияларни кенгайтириш ва катта аудиторияларни бирлаштириш ҳақидаги комментларини ўқиш мумкин.
Афсуски, ўз фарзандларининг туғилган кунларини қўрқинчли ўйинлар («фарзандларининг ҳис-туйғулари бошқарилиши» эвазига) исканжасида ўтказишни қўллаб-қувватлайдиган ота-оналар ҳам топилмоқда. Руҳлар ва ёвуз кучларнинг талвасасини «адреналин» деб қабул қилаётганлар инс-жинсларнинг виртуаллашган оламида бўш вақтларини ўтказаётганларидан ё бехабарлар ёки аллақачон «тириклар» оламидан кўра «ўликлар» оламини хуш кўра бошлаганлар. Ҳар икки ҳолатда ҳам қўрқув асосига қурилган мавзуларда квест ўйинлари ўз таҳдидларини йўқотмайди.
Маълумот учун квест уйларининг «қанот ёзиши» бўйича Россия давлати тадқиқотидан рақамлар келтирамиз. 2023 йилда Россияда 12-17 ёшгача бўлган 600 нафар ўсмирлар орасида ўтказилган тадқиқотларга кўра квест уйларига
• 37% ёшлар – камида бир марта борган.
• 18% ёшлар – ҳар ойда бир марта ташриф буюради.
• 52% ёшлар – қўрқинчли туш ва уйқусизликка дуч келган.
• 11% ёшларда – реал ҳаётда ҳам қўрқиш ҳисси кучайган.
Мавжуд ҳолат юртимизда қандай эканини аниқлаш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази олимлари мактаб ва олий таълим муассасаларида ижтимоий сўров ўтказмоқда. Тадқиқот натижалари яқин вақтда алоҳида мақола сифатида эълон қилинади.
Илмий таҳлиллар шундай маълумотларни тақдим қилмоқда.
Қўрқинчли сюжетлар ўсмирларда хавотир ва стресс гормонлари ортишига сабаб бўлади. Маънавий-маърифий жиҳатдан зўравонлик ва маняклик образлари ўсмирлар онгида нормаллашиши мумкин. Айниқса, ижтимоийлашув жараёнида салбий ҳис-туйғулар орқали боғланиш тенденцияси кучайишига олиб келади.
Кўриниб турганидек, бу реал хавф-хатар ва илмий жиҳатдан чуқур таҳлил ҳамда хулосаларга муҳтож. Шунингдек, мазкур жараённи соғломлаштириш бўйича қатор амалий ишларни ҳам амалга оширишимиз зарур. Изланишларимиз ва амалий таҳлилларимиз натижасига кўра, хулосаларимиз шуки, квест уйлари, айниқса ҳоррор ва экзорцизм жанрлари ёшлар маънавий оламига жиддий хавф туғдирмоқда. Ушбу ҳолат жамиятимизда миллий тарбия, маънавий хавфсизлик ва ёшлар онгида соғлом қадриятларни мустаҳкамлаш масаласи долзарб эканини яна бир бор кўрсатади.
Учинчи Ренессансни қўрқув билан бошқарилувчи авлод эмас, аждодларига муносиб жасур ва илмли ёшлар қуришини инобатга олсак, квест уйларидаги ғарбча яшаш тарзи ва мафкуравий таҳдидлар тарғиботини жиддий, социологик тадқиқотлар асосида жиддий ўрганиш жоизлигини кўрсатади.
«Ғарб мафкурасининг амалий элементи сифатида жамиятимизга кириб келган мазкур квест уйлари ташқи кўринишда оддий «кўнгилочар» каби намоён бўлса-да, мазмун-моҳияти жиҳатдан зўравонлик, қўрқув уйғотиш ва инс-жинс оламини нормаллаштиришни осонгина тарғиб қилмоқда. Бу эса ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлашга қаратилган дастурларни парчалашга, айланиб ўтишга хизмат қиляпти. Шу боис бу жараёнга соҳа вакиллари каби шунчаки бизнес сифатида қарамасдан, унинг ёшларда қўрқув, хавотир, стресс, ҳатто агрессив хулқ-атвор, узоқ муддатли ижтимоий муносабатларда ноинсофлик, қўполлик ва маънавий бўшлиқ кучайишига олиб келаётган таъсирини инобатга олган ҳолда тартибга солиш зарур.
Қуйида биз квест уйларининг таъсирчанлиги ва ёшлар ҳаётига осон кириб бориб, уларни эргаштира олиш хусусиятидан ижобий фойдаланиш бўйича амалий тавсия ва таклифларимизни тақдим этамиз.»
1. Ёшлар саломатлиги ва маънавий хавфсизлиги нуқтаи назаридан:
▪️ 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун «ҳоррор» ва «экзорцизм» жанридаги квест уйларига кириш қатъий чекланиши зарур.
▪️ Болалар ва ўсмирлар иштирок этадиган квестлар фақат маърифий, ижобий ва миллий тарбияга хизмат қиладиган сценарийлар асосида ташкил этилиши керак.
2. Оила ва таълим муассасалари учун:
▪️ Ота-оналар фарзандларининг вақтни қаерда ва қандай ўтказаётганини кузатиб бориши шарт.
▪️ Мактаб ва коллеж педагоглари, айниқса мактаб психологлари болалардаги қўрқув, уйқусизлик, хавотир, агрессия каби белгиларни эрта аниқлаб, психологик ёрдам кўрсатиши лозим.
3. Жамият ва давлат даражасида:
▪️ Маънавий тарбияга хизмат қилмайдиган, ёшларнинг руҳий саломатлигига зарар етказувчи кўнгилочар хизматлар устидан назорат кучайтирилиши зарур.
▪️ Миллий ва маърифий йўналишдаги квест сценарийларини ишлаб чиқишга маҳаллий продюсерлар, ижодкорлар ва педагоглар жалб қилиниши керак.
▪️ Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб бундай хизматлар учун давлат лицензияси ва сертификатлаштириш тизими жорий этилиши мақсадга мувофиқ.
▪️ Шунингдек, болалар учун қўрқинчли эмас, балки маърифий ва тарбиявий қимматга эга квест сценарийларини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
4. Илмий тадқиқот ва таълим соҳаси учун:
▪️ Мазкур жараённи илмий тадқиқот объекти сифатида кўриб чиқиш лозим. Бу борада маънавий таҳдидлар, мафкуравий таъсир, ёшлар руҳияти ва ижтимоий онгга таъсирини ўрганувчи фундаментал тадқиқотлар йўлга қўйилиши зарур.
▪️ Илмий изланишлар ғоя ва мафкура, социология, психология ва педагогика йўналишларидаги тадқиқот муассасалари олимлари ҳамкорлигида олиб борилиши мақсадга мувофиқ.
▪️ Квест уйлари ташкилотчилари учун ёш тоифаларига мос психологик тавсиялар ишлаб чиқиш, 18 ёшгача бўлган иштирокчилар учун меъёрий чекловларни жорий этиш.
▪️ Бу мавзу бўйича бакалавриат ва магистратура талабалари учун битирув малакавий ишлари (БМИ) ва магистрлик диссертациялари (МД) мавзуси сифатида таклиф этилиши керак. Бу орқали илмий кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам соҳанинг атрофлича тадқиқ этилиши таъминланади.
Жаҳон тажрибаси: Европа мамлакатларида «ҳоррор» жанридаги квестлар фақат катталар учун чекланган, Япония ва Кореяда эса махсус лицензия асосида ишлайди. Бу эса ёшлар саломатлиги ва маънавий хавфсизлигини таъминлашда давлатнинг қатъий позициясини кўрсатади.
Мақолада келтирилган квест уйларидаги «қаҳрамон»лар суратлари Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган квест уйларининг интернетдаги реклама сайтларидан олинган.
Сухроб Хидиров,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ