Энди камбағал оилаларга ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади

Сақлаш
14:16 / 17.09.2025 3 0

Энди уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17-сентябрь куни Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми очилиш маросимида сўзга чиққанида айтиб ўтди.

 

Таъкидланишича, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади. Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Натижада, шу йилнинг ўзида 470 минг хонадон томорқасига сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди.

 

Келгуси йилда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

 

Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.

 

Президент халқаро молия институтларини ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда камбағалликни қисқартириш талабини киритишга чақирди.

 

Бундан ташқари, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири. Бу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатлар ягона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//