
Жамият
2030-йилга бориб, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имконият бор. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17-сентябрь куни Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми очилиш маросимида сўзга чиққанида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кўп ишлар амалга оширилди. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Энг мураккаб даврда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айлантирилди. Янгиланган Конституцияда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилгани қайд этилди.
Ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Президентнинг таъкидлашича, бундай натижага эришишда ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсгани, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбари янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилганини билдирди.
Ўтиш даврининг муҳим инструменти бўлган манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинганини таъкидлади. Хусусан, пандемия даврида 800 минг оилага бепул дори-дармон, 255 минг оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 1 миллион 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилган.
Натижада 5 миллион 200 минг нафар одам “камбағаллик қопқони”га тушиб қолишдан ҳимоя қилинган ва шу билан бирга, иқтисодий рецессиянинг олди олинган.
Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни икки карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти.
“Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти.
2030-йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор”, деди Президент.
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ