
Жамият
Ўтган йили 25-март куни давлат раҳбари Наманган вилоятида янги электр стансиялари қурилишини бошлаб берган эди. Улардан бири – Норин ГЕСлар каскадининг дастлабки босқичи эса ишга тушди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.
Охирги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда ўндан зиёд қуёш ва шамол электр стансияси ишга туширилди. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда 450 мегаваттли гидроэлектр стансиялар фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” аксиядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЕС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.
Биринчи босқичда ГЕС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода уни мамлакатимиздаги биринчи миллий ГЕС дейиш мумкин.
ГЕС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЕСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.
ГЕСда сув тўсиш иншооти ҳам қурилди. Шунингдек, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудни обод қилиш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган. Шу жиҳатлари билан бу ер нафақат энергетика, балки экотуризм ва рекреатсия масканига ҳам айланади.
Умуман, Норин ГЕСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026-йилда иккинчи ва учинчи, 2027-йилда қолган стансиялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир стансиянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Сиёсат
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ