8 ойлик текширув: МТТларда 9 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди

Сақлаш
17:02 / 16.09.2025 6 0

Жорий йилнинг январь-август ойларида Мактабгача таълим ташкилотларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 9 тоннадан ортиғи сифатсиз деб топилган. Бу ҳақда Санитария эпидемиология қўмитаси хабар берди.

 

Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари 8 ой давомида амалдаги қоида ва нормативлари асосида 3554 та боғчада режали текширувлар ўтказган.

 

Текширув давомида Кимёвий таҳлиллар учун 83231 та намунадан 4110 таси, бактериологик таҳлиллар учун олинган 88203 та намунадан 9027 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

 

Тарбияланувчилар овқатланишини тўғри ва хавфсиз ташкил этилганлиги юзасидан назорат амалга оширилганида, микробиологик кўрсаткичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 8122 та намунадан 323 таси, ичимлик сувидан 4461 та намунадан 237 таси талабга жавоб бермаган.

 

 

Кимёвий таҳлиллар натижасига кўра, 4986 та намунадан 878 тасида овқат тўйимлилик даражаси пастлиги, 12301 та намунадан 257 тасида (сабзавотларда) нитрат қолдиқлари, ош тузида йод миқдорини аниқлаш учун 2321 та намуналардан 718 тасида эса йод миқдори камлиги аниқланган.

 

Шунингдек, МТТлардаги гуруҳларда ҳарорат ва ёруғлик меъёрлари текширилганида, 23 425 та ҳолатдан 1658 тасида ҳарорат талаб даражасида эмаслиги ва 43 665 та ҳолатдан 2559 тасида ёритиш даражаси пастлиги аниқланган.

 

Қайд этилишича, МТТларда санитария соҳасида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан жазолар қўлланилган. Хусусан, 3705 та ҳолатда маъмурий чоралар (жарималар) қўлланилди, 110 та муассаса иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 446 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаганлиги сабабли ишдан вақтича четлатилди. 9486,4 килограммдан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//