Миллий маълумотлар бошқаруви тизими яратилади

Сақлаш
16:31 / 16.09.2025 8 0

11 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинган.

 

Ҳужжатга кўра, қонун давлат органлари томонидан йиғиладиган барча маълумотларга нисбатан умумдавлат ёндашувини жорий қилиш ҳамда давлат органларида рақамли маълумотларни йиғиш, шакллантириш, алмашиш, қайта ишлаш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ягона ёндашувни таъминлашни мақсад қилган.

 

Бунда қонунчиликка ишончли маълумотлар манбаи, маълумотлар етуклиги, маълумотлар монетизацияси, маълумотлар сифати стандартлари, маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими доирасида стратегик режалаштириш каби тушунчалар киритилади

 

Лойиҳа тушунтириш хатида таъкидланишича, ҳозирда маълумотлардан фойдаланиш ва алмашиш тизими етарлича шаклланмаган бўлиб, бошқарув қарорларни қабул қилишда аниқ ва долзарб маълумотлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Муаммо ва камчиликлар миқёси нотўғри баҳоланиши натижасида муайян соҳаларни ривожлантириш ва улар бўйича ўрта, узоқ муддатга мўлжалланган стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқишда мавҳумлик ва хатоликлар юзага келган. Давлат органлари ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, алоҳида маълумот йиғиши маълумотларнинг турли шаклларда ва стандартларга мувофиқ бўлмаган ҳолда бўлишига олиб келмоқда, шунингдек, соҳалар бўйича аниқ таҳлиллар олиб боришга тўсқинлик қилмоқда.

 

Қолаверса, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашиш учун умумдавлат ёндашув жорий этилмаган. Қарорлар бошқа соҳалар билан боғланмаган ва мувофиқлаштирилмаган ҳолда давлат органлари томонидан қабул қилинмоқда.

 

Лойиҳа билан маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

 

  • - маълумотларни бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳамда маълумотлардан жамият манфаатлари йўлида оқилона фойдаланишни таъминлаш;
  • - маълумотларни қайта ишлаш марказлари, булутли платформалар, давлат ахборот тизимлари ва ахборот экотизимининг бошқа элементларини ривожлантириш орқали инфратузилмани жойлаштиришни режалаштириш ва мувофиқлаштириш;
  • - рақамли трансформация доирасида ишончли маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш учун маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш;
  • - давлат бошқарувининг турли даражаларида маълумотлардан фойдаланиш мақсадида давлат ахборот тизимлари ва стандартларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш;
  • - фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни соддалаштириш мақсадида рақамли хизматларни ривожлантириш;
  • - маълумотларнинг умуминсоний қадриятлар сифатидаги аҳамиятини ошириш мақсадида одоб-қоида меъёрларни ривожлантириш ва ҳуқуқни қўллаш тизимини такомиллаштириш;
  • - маълумотлардан ғайриқонуний фойдаланиш хавфини минималлаштириш учун маълумотлардан масъулиятли фойдаланиш қоидаларини белгилаш ва суиистеъмол қилишнинг олдини олиш;
  • - маълумотларни йиғиш, шакллантириш, алмашиш, қайта ишлаш, сақлаш ва фойдаланиш учун қўлланиладиган стандартлар, нормативлар ва технологияларни мунтазам равишда қайта кўриб чиқиш ва янгилаб бориш.

 

Миллий статистика қўмитаси маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланади. Ушбу миллий тизимни ривожлантириш масалалари бўйича тегишли ишларни мувофиқлаштириш учун Маълумотларни бошқаришнинг миллий кенгаши ташкил этилади.

 

Кенгаш таркиби тегишли давлат органлари, илмий-тадқиқот марказлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар ҳамда тадбиркорлар орасидан тузилади.

 

Миллий кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

 

  • маълумотлар билан ишлаш стратегиясини белгилаш ва уни кенгроқ миллий мақсадлар ва халқаро мажбуриятларга мос келишилишини таъминлаш;
  • маълумотлар сифати кўрсаткичлари рўйхатини тасдиқлаш;
  • маълумотларни бошқаришнинг миллий тизимини халқаро сифат стандартларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича давлат органларига тавсия ва кўрсатмалар бериш;
  • идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда маълумотлар алмашинуви ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича низоларни ҳал этиш;
  • маълумотларни бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича узоқ муддатли мақсадларни белгилаш;
    ахборот ва ресурсларнинг мақбул алмашинувини таъминлаш мақсадида турли даражадаги давлат органлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни уйғунлаштириш;
  • маълумотлар монетизацияси учун нархларни ва келиб тушган маблағларнинг адолатли тақсимотини белгилаш;
    давлат органларида маълумотлар етуклиги тўғрисидаги йиллик ҳисоботни эшитиш;
  • маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлик қилиш.

 

Мамлакат ва тармоқларнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси кўрсаткичларини шакллантиришда фойдаланиладиган маълумотлар, ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий индикаторлар, жорий регистрлар ва давлат ахборот тизимларининг маълумотлари, асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, Ўзбекистон иштирок этаётган халқаро статистик тадқиқот ва сўровлар натижалари ва халқаро мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тизимни шакллантирувчи маълумотлар ҳисобланади.

 

Лойиҳага кўра, ишончли маълумотлар манбаи қуйидагилардан иборат:

 

  • давлат маълумотлар базалари;
  • тармоқ стандартлари бўйича ташкилотлар;
  • расмий давлат электрон реестрлари;
  • илмий-тадқиқот марказлари, олий таълим муассасаларининг тасдиқланган маълумотлар тўплами.

 

Ўз соҳалардаги ваколатли давлат органлари қўшимча ишончли маълумотлар манбаларини аниқлаш тартибини белгилайди.

 

Қонун доирасида йиғилган маълумотлар узоқ, ўрта ва қисқа муддатга мўлжалланган стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларга тузатишлар киритиш, шунингдек уларни мамлакатнинг устувор мақсадлари билан узвий боғлаш учун қўлланилади.

 

Давлат органлари томонидан давлат сиёсатини режалаштириш ва баҳолашда жорий вазиятни таҳлил қилиш, прогнозлаштириш ва ижро назоратини амалга оширишда долзарб маълумотлардан фойдаланилиши шарт.

 

Тизимни шакллантирувчи маълумотлардан тезкор фойдаланиш ва таҳлил қилиш мақсадида давлат сиёсати ва давлат дастурлари ижроси самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун юқори даражадаги Бошқарув маълумотлар панели яратилиши мумкин.

 

Панель давлат сиёсати ва давлат дастурлари ижросининг жорий ҳолатини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, шунингдек, тегишли соҳадаги давлат сиёсатини такомиллаштириш ва унга тузатишлар киритиш мақсадида яратилади. Панель маълумотларидан Ўзбекистон Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси томонидан давлат сиёсати ва давлат дастурлари самарадорлигини дастлабки, оралиқ ва якуний баҳолаш учун фойдаланилади.

 

Маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими давлат органлари ва давлат хизматчилари фаолиятини баҳолашга ҳамда келгусида давлат органларини молиялаштирилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Маълумотлар ишлаб чиқарувчиларга техник инфратузилмани яратиш ва сақлаш, кадрлар малакасини ошириш, операцион харажатларни қоплаш учун маълумотлар монетизациясига рухсат берилади. Бунда, маълумотлар монетизацияси маълумотлар ишлаб чиқарувчилар томонидан фойда олишни назарда тутмайди. Шахсга доир маълумотлар, давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар монетизациясига йўл қўйилмайди.

 

Асослантирилмаган такрорланишларга йўл қўймаслик ҳамда давлат органларининг маъмурий юкини камайтириш мақсадида юқори турувчи ташкилотлардан ахборот олишга қаратилган спонтан (кутилмаган) сўровларни камайтириш учун маълумотлардан марказлашган ҳолда фойдаланиш воситалари яратилади.

 

Давлат органларидан ахборот тизимларини юритишда янги, долзарб маълумотлар тўпламини яратиш мажбурияти талаб этилади. Давлат органларига маъмурий маълумотларни қоғоз шаклда юритиш, йиғиш, ҳисобга олиш ва тақдим этиш тақиқланади.

 

Лойиҳага кўра, маълумотлар очиқ ва жамоат манфаати йўлида фойдаланилиб, барқарор ривожланиш ва ижтимоий адолатга хизмат қилиши лозим. Муҳим ижтимоий, иқтисодий ва илмий аҳамиятга эга бўлган ҳамда давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олмаган маълумотлар жамоат манфаатлари сифатида тан олинади.

 

Давлат органлари томонидан йиғилган барча маълумотлар илмий тадқиқотлар, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, асосланган қарорларни қабул қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни ўз ичига олган жамоат манфаати учун фойдаланилиши керак.

 

Маълумотларни бошқариш жараёнида давлат органларида операцион маълумотлар базалари сақланади, бунда хизматлар кўрсатиш учун маълумотлар алмашинуви марказлаштирилган ҳолда ягона электрон ҳукумат платформаси орқали амалга оширилади.

 

Маълумотлар таҳлили учун яратиладиган Марказлаштирилган маълумотлар омбори ягона электрон ҳукумат платформаси орқали давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жорий маълумотлар алмашинувини тўлдиради. Марказлаштирилган маълумотлар омбори стандартлаштирилган ҳисоботларни, визуаллаштириш воситаларини ва реал вақтда таҳлилларни қўллаб-қувватлайди.

 

Мавжуд регистрлар ва ахборот тизимларидан олинган маълумотлар мунтазам текширилиб ва янгиланиб, автоматик тарзда Марказлаштирилган маълумотлар омборига юкланади.

 

Миллий кенгаш ваколатли орган билан келишилган ҳолда маълумотлар сифати кўрсаткичлари рўйхатини тасдиқлайди.

 

Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳар йили маълумотлар сифати кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда давлат органларининг ушбу қонун талабларига риоя этиш рейтингини шакллантиради. Рейтинг натижалари кейинги таҳлил ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Миллий кенгашга юборилади.

 

Маълумотларни бошқаришнинг миллий тизими тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//