Намойишлар туфайли Непал ва Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Сақлаш
11:11 / 10.09.2025 66 0

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Непалдаги фуқаролардан шахсий хавфсизлик учун ҳукумат кўрсатмаларига амал қилишни сўради.

 

Непал пойтахти Катманду ва бошқа қатор шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакатда комендантлик соати жорий қилинган. Тўқнашувлар содир бўлаётгани ва жароҳат олганлар ҳақида хабарлар тарқаяпти.

 

Шахсий хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида Непал ҳукумати кўрсатмаларига амал қилишга, хусусан, одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади”, дейилади элчихона огоҳлантиришида.

 

Фавқулодда вазиятларда Деҳлидаги элчихонанинг +91 94994 85962 (Telegram/WhatsApp) рақамига мурожаат қилиш мумкинлиги билдирилган. Маълум қилинишича, телефон рақами тун-у кун ишлайди.

 

Намойишлар туфайли Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда бўлиб турган фуқароларга ҳам мурожаат билан чиқди.

 

Жорий йилнинг 8-сентябрь куни Истанбул шаҳрида мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси офиси олдида минглаб одамлар иштирокида намойиш бошланган. Бунга партия раҳбарияти, жумладан, унинг собиқ Истанбул бўлими етакчиси Ўзгур Челик лавозимидан четлаштирилиб, бошқарувни вақтинчалик кенгашга топширгани сабаб бўлган.

 

Ҳукумат томонидан хавфсизлик чораси сифатида 11-сентябрга қадар 6 туманда, жумладан, Бош консулхона жойлашган Бешиктош тумани ҳудудида ҳам оммавий тадбирларга вақтинча тақиқ жорий этилган. Хорижий мессенжерлардан фойдаланишда ҳам чекловлар мавжуд.

 

Консулхона фуқароларга одам гавжум жойлардан йироқда бўлишни, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик ҳамда маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этди.

Фавқулодда вазиятларда Бош консулхонанинг +90 (212) 909 08 04 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//