Ташқи ишлар вазирлиги: “Ўзбекистон Исроилнинг Доҳа шаҳридаги ҳужумларини қоралайди”

Сақлаш
09:39 / 10.09.2025 8 0

Ўзбекистон Доҳадаги бинога Исроил томонидан зарба берилганига муносабат билдирди ва буни Қатар суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ҳамда хавфсизлигига тажовуз деб баҳолади. “Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади”, дейилади расмий ТИВ баёнотида.

 

Ўзбекистон Исроил томонидан Қатар ҳудудида амалга оширилган операцияни қоралаб баёнот берди.

 

“Ўзбекистон Республикаси Исроилнинг Доҳа шаҳридаги турар жой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралайди ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолайди.

 

Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади.

 

Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши эканини билдиради”, дейилади баёнотда.

 

9-сентябрь куни Исроил томони ҲАМАС гуруҳининг Доҳадаги аъзолари жойлашган бинога зарба берди.

 

Бугунги ҲАМАСнинг энг юқори даражадаги раҳбарларига қарши амалга оширилган операция тўлиқ мустақил Исроил амалиёти бўлди. Исроил уни бошлади, Исроил уни ўтказди ва Исроил унга тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олади”, дея баёнот берди Исроил бош вазири идораси.

 

Қатар Ташқи ишлар вазирлигига кўра, зарба ҲАМАС сиёсий бюросининг бир неча аъзолари истиқомат қилаётган турар-жой биноларига берилган.

 

“Бу жинояткорона ҳужум барча халқаро қонунлар ва меъёрларни очиқчасига бузиш бўлиб, Қатар фуқаролари ва резидентларининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солади”, дея баёнот берди расмий Доҳа.

 

Қатар ТИВ мамлакат хавфсизлиги ва суверенитетини бузувчи бундай ҳаракатларга мутлақо тоқат қилмаслигини билдириб, ҳозирда энг юқори даражада тергов ишлари олиб борилаётгани, қисқа вақт ичида қўшимча тафсилотлар маълум қилинишини билдирди.

 

Айтилишича, Доҳада сулҳ таклифини муҳокама қилаётган йиғилишдаги барча аъзолар Исроилнинг суиқасдга уринишидан омон қолган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//