Қозоғистон Орол денгизини тўлдириш учун сув йўлларини лой ва қумдан тозалай бошлади

Сақлаш
15:32 / 08.09.2025 11 0

Тобора қуриб бораётган Орол денгизини тўлдириш учун Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Кўксарой контррегуляторининг бош Гидротехника иншоотини тозалаш ишлари бошланди, деб хабар берди Zakon.kz. Бу ҳақда Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

 

2025 йил 8 сентябрь куни берилган ахборотга кўра, айни дамда объектни махсус техникалар ёрдамида лой ва қумдан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов таъкидлашича, бу ишлар сув тошқини даврида эриган сувларнинг хавфсиз ўтишини таъминлайди.

 

“Баҳор мавсумида Орол денгизини тўлдириш ва Қизилўрда вилоятидаги экин майдонларини суғориш суви билан таъминлаш учун Кўксарой контррегуляторидан Сирдарёнинг қуйи оқимига сув қуйила бошлайди, дейди вазир.

 

Вазирлик шунингдек, Кўксарой контррегуляторининг сиғими 3 млрд кубометр эканига аниқлик киритди. Объектнинг асосий мақсади – Сирдарё ҳавзасида сув тошқинларининг олдини олиш, Шардара сув омборига келиб тушадиган эриган сув ҳажмини тартибга солиш, шунингдек, маҳаллий экотизим ва қишлоқ хўжалигини стабил сув билан таъминлашдан иборат.

 

1960 йиллардан бошлаб денгизни асосий озиқлантирувчи Амударё ва Сирдарё дарёларидаги сув суғориш учун йўналтирилгани ҳисобига Орол денгизининг сатҳи кескин камая бошлаган. Бугунги кунда Орол кўлининг катта қисми чўлга айланган. Денгиз қуришидан аввал дунёдаги тўртинчи энг катта кўл бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//