
Жамият
Бугунги кунда Ўзбекистонда Реимбурсация(харажатларни қоплаш) дастури амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур тизим 2020 – 2024 йиллар давомида Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилган бўлиб, эндиликда Тошкент шаҳрида ҳам татбиқ қилинмоқда.
Ҳозир дастурга 7 хил сурункали хасталик киритилган. Булар:
▪️ гипертония;
▪️ юрак-ишемик касаллиги;
▪️ қандли диабетнинг 2 тури;
▪️ бронхиал астма;
▪️ ўпканинг сурункали обструктив хасталиги.
Бунда шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дори воситалари юқорида санаб ўтилган хасталиклар билан оғриган беморларга (тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида) дорихоналарда 27 хил дори-дармонлар бепул берилади.
Бунда барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Хабарга кўра, Реимбурсация дастуридан фойдаланиш имкон қадар соддалаштирилган бўлиб, фуқаро, аввало, оилавий шифокорга бориб учрайди. Агар унда сал илгарироқ номлари келтириб ўтилган касалликлардан бири ёки бир нечтаси аниқланадиган бўлса, шифокор электрон рецепт шакллантиради.
Сўнг бемор телефонига SMS код келади ва шу код Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонага ҳам боради. Бемор ёки унинг яқинларидан бири шу SMS кодни дорихона ходимига кўрсатиб, рецептдаги дориларни олиши мумкин бўлади.
SMS яхши ишламайдиган жойлардаги беморларга эса оилавий шифокор томонидан QR-кодли электрон рецепт шакллантирилади ва беморга берилади.
Бемор ёки унинг яқинларидан бири QR-кодли электрон рецептни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихона ходимига тақдим этади ва ўзига керакли дори воситаларини олади.
Бемор ўзи олган дориларни қабул қилиб бўлгач, яна шифокор ҳузурига келади. Шифокор уни текшириб бўлгач, янги электрон рецептни шакллантиради.
Бу галги дорилар миқдори, яъни дозаси фарқ қилиши мумкин. Муҳими, ана шу жараён то бемор дарддан тўлиқ фориғ бўлиб кетгунича давом этади.
Таъкидланишича, мазкур жараёнда дориларни ўз вақтида қабул қилмайдиган беморлар ҳам инобатга олинган. Бунда патронаж ҳамшираси ўзининг ҳудудида дастур доирасидаги неча бемор борлигини яхши билади ва тез-тез уларнинг уйига бориб, назорат қилиб туради. Кимдир дорини вақтида қабул қилмаётган бўлса, ҳамшира тушунтириш ишлари олиб боради.
Маълумот учун, Реимбурсация дастури 2026 йилнинг якунига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этилади.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ