Тошкентда уй-жой нархлари арзонлашиши давом этмоқда

Сақлаш
09:47 / 05.09.2025 10 0

2025-йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида бирламчи бозордаги квартира нархлари қарийб 14 фоизга, Тошкент вилоятида эса 9 фоизга пасайган. Ҳудудлар кесимида нархларнинг сезиларли ўсиши Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган.

 

Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси 2025-йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.

 

Бирламчи уй-жой бозорида айрим ҳудудларда нархлар ошган бўлса, айрим ҳудудларда сезиларли пасайиш кузатилган. Хусусан, Тошкент шаҳри (-8,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (-5,7 фоиз) нархлар арзонлашиши давом этган. Пойтахтда биринчи чоракда ҳам 6,5 фоизлик пасайиш қайд этилганди.

 

Ҳисобот даврида энг юқори нарх ўсиши Жиззах (+8,6 фоиз), Хоразм (+5 фоиз) ва Сурхондарёда (+3,2 фоиз) кузатилган.

 

Тошкент шаҳри ва вилоятида кузатилган нархларнинг қисман пасайишини 2020-2023 йилларда қайд этилган юқори ўсиш суръатларининг табиий тузатилиши сифатида изоҳланган. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда уй-жой нархининг ўсиши давом этяпти. Бундай ўсиш республиканинг йирик марказларига қараганда уй-жой нархлари паст бўлган ҳудудларда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида кузатилган.

 

“Ўзбекистон уй-жой бозоридаги эълонлар одатда АҚШ долларида жойлаштирилади. Жорий йилнинг II чораги якунига кўра, миллий валюта АҚШ долларига нисбатан I чорак якуни билан солиштирганда, 1,7 фоизга мустаҳкамланди. Бу жараён, ўз навбатида, уй-жой нархларининг миллий валютада бироз арзонлашишига ҳам ўз таъсирини кўрсатган», дейилади ҳисоботда.

 

Тошкент шаҳри кесимида олинганда йил бошидан бери барча туманларда нархларнинг арзонлашиши кузатилган. Энг катта пасайиш Сергели (1-чоракда – 10,5 фоиз, иккинчи чоракда – 4,5 фоиз) туманида қайд этилган бўлса, Шайхонтоҳур туманида нархларнинг нисбатан барқарорлиги сақланиб қолган.

 

Уйларнинг ўртача қиймати жиҳатдан энг арзон туман Бектемир (10,72 млн сўм/м²), энг қиммат туманлар Миробод (17,16 млн сўм/м²), Яккасарой (15,68 млн сўм/м²) ва Шайхонтоҳур (16,24 млн сўм/м²) бўлиб қоляпти.

 

Иккиламчи уй-жой бозорида ҳам айрим ҳудудларда нархларнинг ошиши, айрим ҳудудларда эса тушиши кузатиляпти. Бу борада энг катта нарх ўсиши Қорақалпоғистон (+9,6 фоиз), Хоразм (4,2 фоиз), Сирдарё (3,7 фоиз) ва Сурхондарё (2,9 фоиз) вилоятларида, энг катта пасайиш эса Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.

 

Иккинчи чоракда Тошкент шаҳри туманлари кесимида ҳам нархларнинг арзонлашиши биринчи чоракка нисбатан тезлашган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//