Лиссабондаги таниқли Глория фуникулёри ҳалокатга учради. Қарийб 20 киши ҳалок бўлган

Сақлаш
16:02 / 04.09.2025 10 0

4 сентябрь куни Португалия пойтахти Лиссабонда дунё сайёҳлари орасида машҳур бўлган Глория фуникулёри рельсдан чиқиб, юқори тезликда бино ичига кириб кетди. Бу ҳақда РБК нашри Португалиянинг Обсервадор газетасига таяниб хабар берди.

 

Оқибатда 17 киши ҳалок бўлган. Қайд этилишича, уларнинг 7 нафари эркак, 8 нафари аёл бўлган, қолган икки нафар қурбоннинг жинси аниқланмаган. Португалия ҳукумати мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилди.

 

«Айни дамда ҳалок бўлганларнинг миллатини аниқлашга эришилди. Улардан тўрттаси португалиялик, иккитаси немис, бундан ташқари, Испания фуқароси, кореялик, Кабо-Верде фуқароси, канадалик, италиялик, француз, швейцариялик ва марокколик фуқаролар бўлган« — дейилади маҳаллий нашрда.

 

Шунингдек, шифохоналарда 21 нафар 24-65 ёшлар оралиғидаги ярадорлар бор. Жароҳатланганлар орасида 3 ёшли болакай ҳам бор.

 

Глория Европадаги энг қадимий фуникулёрдан саналади. У 1885 йилда очилиб, 1915 йилга қадар буғли двигателда ишлаган, кейин электрлаштирилган. Фуникулёр маршрутининг узунлиги 265 метрни ташкил этади. У маҳаллий диққатга сазовор объектлар орасида асосийларидан саналиб, туристлар орасида машҳурликка эришган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//