Жанубий Кореянинг Momʻs Touch фастфуд тармоғи Ўзбекистон бозорига киради

Сақлаш
09:59 / 04.09.2025 9 0

 

Жанубий Кореянинг Momʻs Touch фастфуд франчайзинг компанияси Ўзбекистонда ўзининг илк ресторанини очади. Бу ҳақда The Korea Times нашри хабар берди.

 

Momʻs Touch бош директори Ким Дон Чжон ҳамда озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи One Food компанияси раҳбари Зафар Хўжаев брендни Тошкентда бошқариш ҳуқуқини назарда тутувчи франчайзинг шартномасини имзолади.

 

 

Шартнома доирасида One Food 2025 йилда Тошкентда биринчи Momʻs Touch ресторанини очади. Кейинчалик мамлакат бўйлаб бундай ресторанлар сонини 60 тагача кўпайтириш режалаштирилган.

 

Жанубий Кореянинг Momʻs Touch фастфуд тармоғи асосан қовурилган товуқ ва бургерларга ихтисослашган. Компаниянинг маълум қилишича, ушбу франчайзинг шартномаси Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек Россия ва Яқин Шарқ бозорларига кенгайишнинг бошланиши ҳисобланади.

 

«Бизнинг келишувимиз – Корея тезкор овқатланиш компанияси Марказий Осиё мамлакатида тўғридан-тўғри бошқарув эмас, балки мастер-франшиза орқали фаолият бошлаётган илк ҳолатдир», – дейди Momʻs Touch вакили.

 

Бренд бозорга «она меҳри» билан тайёрланган тезкор таомлар ғояси билан кириб келмоқда. Momʻs Touch 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Жанубий Кореяда тахминан 1430 та ресторанга эга. Бренд бургерлар ҳамда товуқдан тайёрланган таомлар савдосида машҳурликка эришган. 2021 йилдан халқаро бозорга чиқиб, АҚШ, Таиланд ва Мўғулистонда ресторанлар очди, 2024 йил апрелидан эса Японияда фаолият бошлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//