10 сентябргача пойтахтдаги Шота Руставели кўчасида транспорт ҳаракати йўлга қўйилади

Сақлаш
10:42 / 02.09.2025 9 0

Шота Руставели кўчасини кенг кўламли қайта қуриш ва таъмирлаш доирасида йўл ишларининг асосий босқичларидан бири якунланмоқда, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

 

Унга кўра, «Ойбек» метро бекатидан «Биродарлик қабрлари» ёдгорлигига қадар бўлган қисмда асфальт-бетон қопламанинг биринчи қатлами тўлиқ ётқизилган. Ҳозирда ётқизилган биринчи қатлам табиий техник ва физик жараёнлардан, хусусан зичланиш, чўкиш ва бошқа жараёнлардан ўтмоқда. Бу жараёнлар йўл қопламасининг келажакдаги мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди. Шундан кейин иккинчи қатлам асфальт ётқизилади.

 

10 сентябргача биринчи қатлам бўйлаб транспорт воситалари ҳаракати йўлга қўйилади. Йўлнинг очилиши ҳақида расмий манбалар орқали қўшимча маълумот берилади.


Бундан ташқари, янги интеллектуал тизимга эга светофор мажмуаларини ўрнатиш якуний босқичга кириб бормоқда. Коммунал хизматлар келгусида автомобиль йўлида такрорий аралашувлар бўлмаслиги учун зарур ишларни бир вақтнинг ўзида бажармоқда.

 

Пудратчи ташкилотлар ушбу ҳудудда ишларни давом эттиради.

 

Ҳокимлик ахборотига кўра, айни пайтда, «Биродарлик қабрлари» ёдгорлигидан «Ўзгариш» кўприги томон йўлнинг кейинги қисмида ҳам ишлар фаол олиб борилмоқда. Бу ерда дренаж тизимларини ўрнатиш, сув чиқариш лотокларини ётқизиш, йўл четидаги тошларни алмаштириш, велойўлак қуриш, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат йўлагини ташкил этиш ва бошқа зарур ишлар амалга оширилмоқда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//