Президент ШҲТдаги нутқида “Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш ташаббусини билдирди

Сақлаш
11:50 / 01.09.2025 7 0

1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити ўз ишини бошлади. Унда Шавкат Мирзиёев нут сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
 

Президент Хитой Халқ Республикасининг Раиси, ҳурматли Си Цзиньпин Жаноби Олийларига мажлисимизни юксак даражада ташкил этгани ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдириб, барча иштирокчиларни халқларимиз улкан ҳисса қўшган Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан табриклади.

 

Қайд этилишича, Хитойнинг қадимий маданияти ҳамда унинг саноат ва технологик йўналишдаги жадал тараққиёти ўртасидаги уйғунликни ўзида мужассам этган Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур манзилда буюк Конфуцийнинг “Ҳаётда ўз ўрнингни топишни хоҳлар экансан, бошқаларга ёрдам бер, муваффақиятга интилар экансан, бошқаларнинг ютуғига кўмак бер”, деган ҳикматли сўзлари ўзгача руҳда янграйди.

 

Бу минг йиллик фалсафа ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги миссиясига ҳамоҳангдир.

 

Шавкат Мирзиёев ШҲТ маконида умумий тараққиёт ва равнақ айнан ана шундай мустаҳкам пойдевор устида барпо этилмоқда, деб ҳисоблашини таъкидлади. Хитойнинг самарали раислиги туфайли Ташкилотимизнинг нуфузи янада мустаҳкамлангани, мамлакатларнинг ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлиги кенгайгани қайд этилди.

 


Шунингдек, ушбу саммит янги тарихий даврни бошлаб бериши ва ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши боарсида ишонч билдирилди.

 

Иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ўз таъсирини изчил кенгайтириб бормоқда. Глобал ноаниқлик кузатилаётган ҳозирги шароитда бу муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калити экани таъкидланди.

 

Айниқса, ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолаётгани муҳим. Айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замонамизнинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бермоқда.

 

Президент шунингдек, ШҲТнинг овози бизнинг умумий сиёсий иродамиз ифодаси, тинч келажак ва барқарор тараққиёт йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларга чорловимиз сифатида янада ишончли ва баралла янграши керак, деб ҳисоблашини, кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўз қарашларимиз билан ўртоқлашишни истагида эканини билдирди.

 

Бунда энг аввало, Ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарур. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради, деб ишонишини таъкидлади.

 

"Биз Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз", дейди Президент.

 

ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани Ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради.

 

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик – ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларидан биридир. Бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бормоқда.

 

Терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгараётгани, кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва айланмаси ўсиб бораётгани, уюшган жиноятчилик кучаяётгани муносабати билан билдирилаётган хавотирларга асосли экани таъкидланди ва қуйидаги муҳим ташаббуслар билдирилди:

 

— Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш;

— Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқиш;

—“ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини қайта тиклаш;

— ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битим имзолаш;

— Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази, ШҲТ Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби қатор янги платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этиш;

— “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқиш; 

— Иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш; 

—Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш; 

— “Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклиф этилди. 

Саммит якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди ва Тяньцзинь декларацияси қабул қилиниб, навбатдаги ШҲТга раислик Қирғизистон Республикасига ўтди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//