Ўзбекистон ва Покистон ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Сақлаш
16:12 / 28.08.2025 6 0

 

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Қуролли кучлари штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Саҳир Шамшад Мирза билан Исломободда учрашди. Бу ҳақда Дунё нашри хабар берди

 

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, ҳарбий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган таҳдидларни биргаликда бартараф этиш механизмлари муҳокама қилинди.

 

Генерал икки томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. У умумий тарих, дин, маданият ва анъаналар икки қардош халқ ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг муҳим омили эканини таъкидлади.

 

Саҳир Шамшад Мирза, шунингдек, Трансафғон темирйўлини барпо этиш лойиҳасига алоҳида тўхталиб, мазкур стратегик лойиҳа Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини айтиб ўтди.

 

– Кобул шаҳрида Трансафғон темирйўли қурилишининг техник-иқтисодий асосларини молиялаштириш бўйича имзоланган уч томонлама ҳадли битимни олқишлайман, – деди у. – Покистон томони Ўзбекистон раҳбариятининг бу йўналишдаги ташаббусларини келгусида ҳам фаол қўллаб-қувватлайди.

 

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги гуманитар ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратилди. Тошкентдан Исломобод ва Лаҳорга тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани икки халқ ўртасидаги яқинлашувнинг яққол мисоли сифатида қайд этилди.

 

Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, генерал Ўзбекистон ва Покистон раҳбарлари томонидан савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани самарали бажариш учун кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

 

Томонлар 2025 йилга мўлжалланган қўшма режа муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этди, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида офицерлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Учрашув якунида Покистон томони Ўзбекистон билан ҳарбий, ҳарбий саноат, ҳарбий таълим, минтақавий хавфсизлик ва Трансафғон темирйўли лойиҳасини илгари суриш бўйича кенг қамровли маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//