«Фуқароларимизни хорижда ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши» – ТИВ

Сақлаш
11:28 / 28.08.2025 7 0

 

Ташқи ишлар вазирлиги Россияда «Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ, шунинг учун бу ерга келгансан» дея ҳақоратланган ўзбек воқеасидан сўнг баёнот берди.

 

Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги. Хабарда аниқ бир ҳолат тилга олинмаган, лекин бир неча кун олдин Россияда ўзбекистонлик экани айтилган такси ҳайдовчиси билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлганди.

 

Ўша ҳолатда бир эркак такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилган. Маҳаллий фуқаро ҳайдовчига: «Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингни очма», дея хитоб қилган. Шунингдек, у «Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ, шунинг учун бизга келгансан. Сен ўз уйингда эмассан, ишлашга келгансан, ишингни қил» дея бақирган.

 

ТИВ фуқаролар Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан ҳимоя қилинишини таъкидлади.

 

«Агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати хорижда бузилса, улар дарҳол қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари зарур. Шунингдек, фуқаролар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига ҳуқуқий ва консуллик ёрдами сўраб мурожаат қилиши мумкин», – дейилади вазирлик хабарида.

 

Фуқароларни хорижда ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши экани ва бу масъулият давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги мажбуриятлари асосида амалга оширилиши қўшимча қилинди.

 

Газета.уз нашри Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхановдан юқоридаги ҳолат ва эълон қилинган баёнот бўйича изоҳ сўради.

 

«Бу хабаримиз хориждаги ҳамма фуқароларимиз, жумладан, ўша ҳолатга ҳам тегишли. Ҳозирча (ўша фуқаронинг) мурожаатини олмаганмиз, мурожаат бўлса, хабар берамиз», – деган ТИВ расмийси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//