Шоберди бахши Болтаев 81 ёшида вафот этди

Сақлаш
09:24 / 26.08.2025 7 0

26 август куни Ўзбекистон Халқ бахшиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Шоберди бахши Болтаев 81 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

 

Шоберди бахши Болтаев ўзининг бутун ҳаётини бахшичилик санъатига, миллий достончилик анъаналарини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишга бағишлаган. У кўплаб халқ достонларини ёдлаб, устоз-шогирд мактабини шакллантиришда, ёш бахшиларни тарбиялашда ва уларни халқаро майдонларга олиб чиқишда фидокорона хизмат қилди. Унинг ижроси нафақат юртимизда, балки қўшни мамлакатларда ва хорижий саҳналарда ҳам кенг эътироф топган, дейилади ахборот матнида.

 

Бахшининг «Алпомиш», «Олтин қовоқ», «Олланазар Олчинбек», «Кунтуғмиш», «Сулувхон», «Санам гавҳари», «Малла савдогар», «Ойпарча» каби достонлар ва «Дўмбирам», «Меҳмондир», «Тилар», «Нима керак?», «Билмади», «Ойпари» каби термалари халқ қалбидан ўрин олган.

 

Шоберди бахши Болтаев халқимиз қалбида самимийлиги, инсоний фазилатлари, садоқати ва ижодий жонкуярлиги билан мангу яшаб қолади. У қолдирган маънавий мерос — халқимизнинг бебаҳо бойлигидир.

 

Бахшиниг сўнгги видеоларидан бирида айтган термасида шундай сатрлар бор эди:

 

Қаторларга тиркаганим нормикан,
Норларга ортганим Ҳошимжон зармикан,
Дунёга бир келиб кетдим, Ҳошимжон-эй
Мендек бахши элга қайтиб келармикин...

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//