ССВ хотин-қизларни огоҳликка чақирди

Сақлаш
15:08 / 25.08.2025 9 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни сохта косметологлар хизматидан эҳтиёт бўлишга чақирди.

 

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда хотин-қизлар юз қисмида ўтказилган айрим амалиётлар нохуш оқибатларга олиб келаётгани билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда.

 

«Юздаги нуқсонларни бартараф этаман, деб косметолог ҳузурига борган, бироқ тузалиш ўрнига кутилмаган муаммони орттириб олган аёлларнинг ижтимоий тармоқлардаги эътирозли чиқишлари ҳам кузатиляпти», дейилади хабарда.

 

Шунингдек, хабарда баъзи гўзаллик салонлари, хусусий клиникаларда ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бораётгани айтилади.

 

Шу боисдан вазирлик косметологияга эҳтиёжи бор хотин-қизларни лицензияга эга косметологларга боришни тавсия қилмоқда.

 

Ўрганишлар давомида аниқланишича, тиббий косметология ихтисослиги бўйича тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятида юқоридаги келтирилгани сингари нохуш ҳолатлар учрамаган.

 

«Ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушаётган мурожаатлар асосан лицензия ва дипломсиз фаолият олиб бориш натижасида келиб чиққан асоратлар ҳамда ножўя таъсирларга дахлдордир. Сабаби, лицензиясиз ишлаш — сертификатланмаган маҳсулот ва тиббий анжомларни қўллаш, физиология ҳамда анатомия асосларини билмасликни англатади», дейилади ССВ хабарида.

 

«Оддий гўзаллик салонлари ёки тиббиёт ташкилоти ҳисобланмайдиган турли косметология марказларида тегишли маълумотга эга бўлмаган шахслар тиббий косметология билан шуғулланаётгани бу муаммоларнинг бош омилидир», дейди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Собиров.

 

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, улар тегишли ҳужжатлар асосида косметология хизматини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳисобдан ўтиб, фаолият олиб бораётган фуқаролардир. Ушбу косметологлар шифокор бўлмаганликлари учун улар фаолиятини назорат қилиш соғлиқни сақлаш органларининг ваколатида эмас.

 

Вазирлик мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилаётганини ҳам маълум қилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғридаги Низом ва уни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ ишлаб чиқилган.

 

Бу ҳужжат асосида давлат тиббиёт муассасалари томонидан алоҳида тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби ҳамда шифокор-косметологларга қўйилган талаблар белгиланган.

 

Айни пайтдаги мавжуд ҳолат ва фуқаролардан бўлаётган мурожаатларни эътиборга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради:

 

«Тиббий косметология хизматидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, албатта, тегишли давлат тиббиёт муассасаси ёки шу ихтисослик бўйича тиббий фаолиятга лицензия олган нодавлат тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилинг».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//