Халқ банки «суюнчи пули» ҳақида тарқалаётган хабарларга раддия билдирди

Сақлаш
12:04 / 25.08.2025 6 0

Ижтимоий тармоқларда «Халқ банки қолган пулни нима қиляпти?» мазмунидаги хабарлар тарқалди.

 

Уларда айтилишича, банкнинг мобил иловаси «Хазна»да суюнчи миқдори эски сумма бўйича, яъни 811 965 сўм ( 1 155 000 сўм * 70.3%) ҳолатда турибди.

 

Бунга илова янгиланмаганлиги сабаб сифатида келтирилган.

 

Халқ банки матбуот котиби «суюнчи пули» белгиланган миқдордан кам берилаётгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

 

«Маълумки, фарзанд туғилганда бериладиган нафақа пули (суюнчи пули) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЕЭКМ) 70,3% этиб белгиланган.

 

Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 271 000 сўм этиб белгилангач, бола туғилганда бериладиган нафақа пули миқдори 893 513 сўмни ташкил қилмоқда», дейилади раддияда.

 

Банкнинг масъул ходими ушбу нафақа тури Ижтимоий Ҳимоя Миллий Агентлиги томонидан тайинланиши ва молиялаштирилишини, маблағлар эса Халқ банки томонидан фуқароларга тўлаб берилишини билдирди.

 

«Суюнчи пулини тайинлаш ва унинг миқдорини белгилаш банк ваколатига кирмайди», дейди Халқ банки матбуот котиби.

 

Шунингдек, у илованинг янгиланиши ёки янгиланмаслиги бола туғилганда бериладиган нафақа пулига (суюнчи) ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини эслатиб ўтди.

 

Бундан ташқари, раддияда, тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган бир ҳолатга эътибор қаратиш сўралган.

 

Гап шундаки, агар бола 1 августга қадар туғилган бўлса, «суюнчи пули» эски тартибда 811 365 сўм миқдорда тўлаб берилади. «Суюнчи пули»нинг кўтарилган миқдори 1 августдан кейин туғилган болалар учун амал қилади.

 

«Оммавий ахборот воситалари ва блогерларни маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатишда холисликка чақириб қоламиз», дейилади Халқ банки билдирган раддияда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//