«Улуғ Амир ва донна Мария» фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Сақлаш
10:46 / 23.08.2025 32 0

Кинематография агентлиги буюртмаси билан «Ўзбекфильм» киноконсерни» ДУК ҳамда Туркия давлатининг «КАНГУРУ» ташкилоти ҳамкорлигида суратга олинган кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Улуғ Амир ва донна Мария» тарихий бадиий фильмининг махсус премьераси Ренессанс кино уйида бўлиб ўтди.

 

Премьерага махсус таклиф қилинган меҳмонлар ва фильм ижодкорлари қатнашган.

 

Хабарга кўра, фильмда Соҳибқирон Амир Темурнинг Можаристон маликаси донна Марияни Турк султони Боязит Йилдирим зулмидан озод қилиши, бунинг рамзий маъноси сифатида бутун Испания озодлиги акс этган.

 

 

«Ўйлашимча Мария ҳозиргача ўйнаган ролларим орасида энг муҳим роль бўлди. Бу роль юрагимда алоҳида ўрин эгаллайди. Сабаби — онамнинг исми ҳам Мария. Шунинг учун, онамнинг исми билан аталган қаҳрамонни ижро этиш мен учун қизиқ ва бошқача тажриба бўлди, аммо бундан ҳам муҳимроғи ролнинг ҳаётий ва реал инсон қиёфасига асосланганлигидадир. Фильмда биз аслида икки хил Марияни кўрамиз. Уларни яратиш жараёни мен учун ниҳоятда ҳаяжонли ва қизиқарли бўлди. Режиссёр менга ҳаммасини тушунтиргандан кейин биз иккисини бирлаштирадиган бир олам яратдик. Гўёки икки хил аёл, аммо аслида улар битта. Улар фильмда кейинчалик бир-бирига дуч келади. Шу боис бу роль мен учун ниҳоятда муҳим. Шунингдек, ўзбекистонлик ижодкорлар билан бир сафда роль ижро этганимдан жуда хурсандман. Улардан кўп нарса ўргандим. Умид қиламанки, биз ҳамкорликда ҳали кўп фильмларда суратга тушамиз», дейди Мария ролини ижро этган бразилиялик актриса Жессика Мей.

 

Фильм воқеалари икки параллел йўналишда ривожланиб боради. Унда олис ўтмиш ва замонавий ҳаёт манзараларининг бетакрор тасвирлари бир бирини табиий тарзда тўлдиради.

 

 

Маълумот учун, картинанинг сценарий муаллифи — Хайриддин Султон. Фильмнинг бадиий раҳбари эса Жаҳонгир Қосимов.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//