Лицензиясиз фирма фаолиятини реклама қилган икки блогер судга берилди

Сақлаш
13:08 / 22.08.2025 5 0

Рақобат қўмитаси блогерлар Отабек Жўраев ҳамда Абдураҳмон Абдураҳмоновни жаримага тортди. Блогерларга қонунбузарлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб судга юборилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

 

Улар тегишли лицензияга эга бўлмаган ва юзлаб одамларни чув туширганликда гумонланаётган “ADWorld Group” МЧЖни ўз саҳифаларида реклама қилишган эди. 

 

Хабарда келтирилишича, хорижга виза олиш ва ишга жўнатиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳақидаги реклама-ахборотлар бўйича ўтказилган ўрганишларда ижтимоий тармоқлардаги @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи блогер О.Жўраев ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдурахмоновлар томонидан “ADWorld Group” МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотларини жойлаштириб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматлар билан шуғулланиб келаётгани реклама қилингани аниқланди.

 

“Реклама тўғрисида”ги қонунинг 16-моддасида ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган. “ADWorld Group” МЧЖда тегишли лицензия бўлмаган.

 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар О.Жўраев ва А.Абдурахмоновларга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//