Мозори-Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлик-мажмуаси қурилади

Сақлаш
17:37 / 21.08.2025 4 0

 

Шаҳар ҳокими ва Ўзбекистон консули иштирокида 21 август куни мажмуага тамал тоши қўйилди.

 

21 август куни Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш ва ободонлаштириш лойиҳасига тамал тоши қўйишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

 

Тадбирда Мозори-Шариф шаҳар ҳокими Абдулраҳмон Ҳиммат, Ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари Аминулла Содиқ, Ўзбекистон консулхонаси ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

 

Мозори-Шариф шаҳри ҳокими Абдулраҳмон Ҳиммат ўз нутқида афғон халқи буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий шахсиятига чуқур ҳурмат билан қарашини таъкидлаган. Алишер Навоийнинг Мухобирот чорраҳасида жойлашган, кейинги йилларда анча хароб ва кўримсиз ҳолга келиб қолган ёдгорлигини қайта тиклаш бўйича шаҳар ҳокимлигининг қарори қабул қилингани билдирилган.

 

Янгидан барпо этиладиган мажмуа учун катта ер майдони ажратилиб, унда Навоийнинг таржимайи ҳоли, ҳаёт йўли, давлат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари акс эттирилган лавҳа ўзбек, инглиз, дарий ва пуштун тилларида ўрнатилади, шунингдек, кутубхона ташкил этилади.

 

«Ушбу ёдгорлик-мажмуасини маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган муносиб масканга айлантирамиз», деган шаҳар ҳокими.

 

Алишер Навоий ёдгорлик-мажмуаси қурилиши шаҳар ҳокимлиги бюджетидан молиялаштирилади ва бир ой муддатда қуриб битказилиши кўзда тутилган.

 

Ўзбекистон консули Жафар Фаттаев Алишер Навоий ёдгорлигининг қайта тикланиши ва атрофининг ободонлаштирилиши бўйича бошланган хайрли ишлар Афғонистонда ушбу буюк сиймога кўрсатилаётган ҳурмат-эътибордан дарак беришини таъкидлади.

 

Қайд этилишича, Мозори-Шарифда бунёд этиладиган Алишер Навоий ёдгорлиги учун матнларни тайёрлашда Термиз давлат университети кўмаклашади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//