Энди айрим тадбиркорлар 1 фоиз солиқ тўлайди

Сақлаш
14:27 / 20.08.2025 8 0

Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

 

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 2021 йилдаги илк очиқ мулоқотдан буён шу кунгача тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонунчиликда ўз аксини топган. Бунинг натижаларини нафақат тадбиркорлар, балки бутун аҳоли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилди.

 

Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказилди. “Call-markaz” орқали ҳам 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушди.

 

Таъкидланишича, ҳозирги мураккаб шароитда ҳар бир кун муҳимлигини инобатга олиб, очиқ мулоқотни кутиб ўтирмасдан, мева-сабзавот экспорти ва тўқимачиликда тўпланиб қолган муаммоларга ечим топиб берилди.

 

Ўтган ҳафтада бизнесни “соядан” чиқаришни рағбатлантириш бўйича ҳам тадбиркорларга янада қулай шароитларни назарда тутган катта янгиликлар эълон қилинди.

 

Жумладан, ишини кичик лойиҳадан бошлаб, бизнесда тажриба ва малака тўплаган якка тартибдаги тадбиркорларга кўмак бериб, уларни 50-100 нафар одам ишлайдиган бақувват корхоналар соҳибига айлантириш мақсадида ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режим жорий этилди.

 

Энди бундай тадбиркорлар учун рўйхатдан ўтишдан тортиб ҳисобот топширишгача бўлган барча хизматларни жамлаган рақамли платформалар яратилади. Бунда тадбиркорлар керакли ҳужжатларни масофавий биометрия ва “СМС хабарнома” орқали электрон калитсиз имзолаши мумкин. Ишчиларга электрон ҳамён орқали “кунбай”, “соатбай” маош тўлаш имконияти яратилади.

 

Айтилишича, мамлакатимизда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари мавжуд бўлиб, аҳолимиз ўзига қулай мобил иловадан фойдаланмоқда. Энди 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобил тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал ҚР-код берилади.

 

Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келаси йил 1 январдан бир хил, яъни айланмадан 1 фоиз солиқ тўлашга ўтказилади.

 

Масалан, ҳозир айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор йиллик 12 миллион сўмгача қатъий солиқ ўрнига кўпи билан 1 миллион сўм тўлайди. Ёки айланмаси 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркор айланмадан илгари 30-40 миллион сўм солиқ тўлаган бўлса, энди унинг солиқ юки 3-4 карра камаяди.

 

“Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қиляпсизларми, 1 триллион сўм қоляпти. Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият”, деди Президент.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//